Орол денгизи қуришига ядровий портлаш сабаб бўлганми?

Улашиш:

Бундан 2 йил аввал “Орол денгизи суви Каспийга оқиб кетганми?” сарлавҳаси остида мақолам чиққан эди. Унда Оролнинг “кўз”лари, собиқ денгизда одамлар гувоҳ бўлган гирдоблар ҳақида сўз юритилган ва шу гирдоблар орқали Оролнинг суви бошқа томонга, яъни Каспий денгизига оқиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида халқ орасидаги тахминий гаплар баён қилинган.

Мазкур мақоладан кейин Нукусда бир ўртоғим қўнғироқ қилиб, 1968 йилда чиққан “Жеткиншек” газетасининг қайсидир сонини суратга тушириб менга ташлади. Ана холос, бу мақолада ҳам Оролдаги гирдоб ҳақида сўз борган. Гувоҳлар эса Нукусда истиқомат қилган кишилар. Уларнинг тасвирлашича, худди туби тешилган челакдан сув кетгани каби денгизнинг суви ҳам гирдобланиб, катта миқдордаги сув ер қаърига кетиб турган.

Гирдобни ўз кўзи билан кўрган кишилар ҳозир ҳам бор. Нукус давлат педагогика институтининг тарих фани ўқитувчиси Онғарбай Юсупов шундай эслайди:

“1970–1975 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими археология сектори томонидан Жанубий-Шарқий Устюртда кенг кўламли археологик ишлар олиб борилди. Бу археологик экспедиция ишларида мен ҳам иштирок этдим. Устюртда кўп сир-синоатларга дуч келиб турдик. Шулардан мени жуда қаттиқ даҳшатга солгани Орол денгизи сувларининг қандай қилиб ер қаърига кетаётганини ўз кўзим билан кўрганим бўлди. Бу 1975 йил эди. Машҳур археолог Вадим Ягодин бошчилигидаги экспедиция Устюртнинг шарқий чинкида (тик жарлик), яъни Дувона бурнида қадимий кўчманчилар даврига оид эсдаликларни қазиётгандик. Қазишма ишлари Нукусдан 500, Мўйноқдан 300 км олисда олиб борилаётганди. Цивилизациядан узоқда эдик. Асосий озуқамиз, албатта, Оролнинг балиқлари бўлди. Сабаби биз ишлаётган жой Устюртнинг шарқий чегараси бўлиб, ўнг томонимизда, нари борса 300 метрда бепоён ва буюк Орол тўлиб-тошар эди. Оролда балиқ кўп.

Бир куни икки киши бўлиб тоғдан (Устюртдан) пастга, яъни денгизга тушиб борардик. Не кўз билан кўрайликки, чинкка яқин жойда денгиз суви гирдобланиб катта миқдордаги сув ер остига кетаётганди. Даҳшатдан қотиб қолдик. Гирдоб шундай кучли эдики, биз қўрқиб, юқорига ўрмалаш пайига тушдик».

Каспий билан Орол ер остидан боғланганми?

Халқ орасида Орол денгизи билан Каспийнинг ўртасида ер ости канали бор, Оролнинг суви Каспийга оқиб кетди, деган гаплар шу пайтларда тарқалган, лекин уларнинг илмий исботи йўқ эди. Москвалик марҳум олим, геология-минералогия фанлари номзоди Борис Голубовнинг “Аномальный подъём уровня Каспийского моря и катастрофическое обмеление Аральского моря как результат дренирования Арала под плато Устюрт и в Каспий вследствие техногенных возмущений недр” номли мақоласи эса халқнинг бу гапларни бежиз айтмаганини исботлагандек, гўё.

Олим ушбу мақоласида қуйидагича хулоса ясаган: 1) Орол ва Каспий денгизлари ер остидан бир-бири билан боғланган. Икки денгизнинг сувлари Устюрт платоси остидаги карст бўшлиқлари узра туташган; 2) Икки денгизнинг ер остидан боғланишига Устюртда амалга оширилган ер ости ядровий портлашлар сабаб бўлган. Бу портлашлар Орол сувининг Устюрт платоси остида дренажланишига олиб келган, шунингдек, Амударё ва Сирдарёнинг Оролга қуяр қисми фильтрацияланиб, дарё сувларининг тортилиб кетишига ҳам сабаб бўлган; 3) 1969 йилдан кейинги Орол суви Каспийга шиддат билан ташланган, 1995 йилгача Оролнинг суви тезлик билан пасайиб борган, Каспий сувлари эса аксинча кўпайиб борган. Ер остидан кетган бу сувлар асосан Устюрт платосининг ўрта миоценли қатламларида карст бўшлиқлари орқали юзага келган бўлиши эҳтимол.

Устюртда ядровий портлашлар амалга оширилганми?

Ҳа, Устюртда, яъни платонинг Қозоғистон қисмида Манқишлоқ вилоятига қарашли Акотти, Мулкаман ва Киндикти деган жойларида 9 маротаба ядровий портлаш амалга оширилган. Улардан йириклари: 30 килотонналик кучга эга бомба 1969 йил 6 декабр куни 410 м чуқурликда, иккинчи 80 килотонналиги 1970 йил 12 декабрда 740 м чуқурликда ва учинчи 75 килотонналиги эса 1970 йил 23 декабрида 500 м чуқурликда портлатилган.

Ушбу синовлардан мақсад ер остидан чучук сув кўзларини очиш, сув захирасини яратиш бўлган. Шу пайтларда АҚШнинг Невада штатида ҳам худди шундай синовлар амалга оширилганди. Собиқ иттифоқ ҳам қудратини намойиш қилиш учун Устюртда ясалма чуқурликлар ҳосил қилишга уринди.

Аммо синовлар муваффақиятсизлик билан тугади. Биринчидан, синов пайтида ҳалокат юз бериб, радиация ер юзига чиқиб кетди. Ҳудудда хавфлилик даражаси ҳамон сақланиб қолгани айтилади. Иккинчидан, портлаш пайтида кучли силкинишлар ер плитасини ўрнидан қўзғаб, оқибатида Орол ва Каспийнинг ўртасида ер ости коридорини пайдо қилган ва Орол денгизи Каспийдан 60–70 метр баландликда бўлгани боис, сув қуйига қараб кетиб қолган.

Синовлар дарҳол тўхтатилган.

Ядровий синовлардан кейин денгиз сувининг шиддат билан пасайиши кузатилган, масалан, 1961–63 йилларда денгиз сатҳи 18–25 см пасайган бўлса, 1969 йилда 15 см.гача бир кўтарилиб олиб, кейинги йилларида 70–100 см.гача бўй ташлаб борган. Каспий денгизи эса 1977 йилдан кейин 18 йил давомида тинмай, йилига 32–40 см.га кўтарилиб бораверади. 1995 йилга келибгина вазият бироз ўз изига тушган.

Каспийдан қўйиб юборилган балиқ Оролдан чиққан

Орол билан Каспийнинг ўртасидаги боғлиқлик бўйича яна бир афсона халқ орасида юрибди.

Ўтган асрнинг 30-йилларида олимлар Каспий денгизида бакрабалиқ урчитиш учун уларга белги қўйиб (сирға тақиб) сувга қўйиб юборади. Шу сирға тақилган бакрабалиқлар Орол денгизидан чиққан. Ер сатҳининг бири баланд нуқтасида, бири пастида жойлашган икки денгизнинг ўртасида алоқа мавжудлигини текшириш учун бўёқ оқизиб кўрилади. Таажжубки, Оролдан юборилган бўёқ Каспийда кўринади. Олимлар бу сирни очмоқчи бўлганда иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетиб, бошланган ишлар қолиб кетади.

Айтишларича, Сталиннинг буйруғи билан 1940- ва 1960-йилларда икки денгиз ўртасида сирли қурилиш амалга оширилган эмиш. Ер ости қурилишларида урушда асирга тушган ва ўлимга маҳкум этилганлар ишлаган. Асирликдан овулига қочиб келган биттаси шу сирни эълон қилади.

 Бу қанчалик ҳақиқатга яқинлиги номаълум-у, аммо Сталин Каспий денгизи сувларини қуритиб, нефть саноатини улғайтириш истагида бўлганлиги аниқ.

Сталин вақтидаги КГБ бошлиғи Иван Серовнинг “Записки из чемодана” мемуарида таъкидланишича, Сталиннинг олимлар-у мулозимларга топшириғи шундай бўлган: “Волгани Қозоғистон даштларига олиб боринг, Кура дарёсини тўғонланг ва Каспий денгизига қуйилмаслиги учун бошқа дарёларни, сув кўзларини нима қилиш кераклигини ўйлаб кўринг!”.

Маълумки, бу лойиҳанинг жуда катта қимматга тушиши Сталиннинг фикридан қайтишига сабаб бўлган.

Мана шу ерда Каспийга қуйилиши мумкин бўлган сувларнинг бири Орол денгизи сувлари эди. Демак, бу ҳақда аввал ҳам маълум бўлган бўлиши мумкинми? 1825-26 йилларда Орол ва Каспийга экспедиция қилган Ф.Бергнинг йўқотилиб юборилган ҳисоботларида шу ҳақда маълумотлар қайд этилгандир, балки. Эҳтимол, шу топшириқ ортидан Оролнинг ер остидаги кўзини бойлаш учун қандайдир сирли қурилишлар олиб борилгандир.

Оролнинг қуриши ҳақидаги назария қанчалик ҳақиқат?

Орол денгизининг қуришига сувнинг нотўғри сарфланиши ва демографик омиллар сабаб қилиб кўрсатилади. Борис Голубов бу назарияга шубҳа билан қарайди.

“Орол денгизининг қуришига ушбу кўл ҳавзасидаги суғориладиган ер майдонининг ниҳоятда кенгайиши сабаб бўлгани айтилади, аммо бу жиддий шубҳа уйғотади, – дейди олим. –Масалан, 1940 йилдан 1960 йилгача Амударё ва Сирдарёдан сувни сунъий равишда тортиб олиш (умумий оқими йилига 127 куб км) 52,3 кубометрдан 63,89 кубометргача ўсди, аммо бу Орол денгизи сатҳига ҳеч таъсир кўрсатмади. 1911 йилдан 1960 йилгача денгиз сатҳи +54 метр бўлди. 1950 йилда СССР ҳукумати Амударё ва Сирдарёдаги сув захираларини ҳисобга олиб, суғориладиган ерларни кенгайтиришга қарор қилди. Аммо ҳисоб-китоблар бўйича бу Орол денгизининг сатҳига сезиларли таъсир кўрсатмаслиги керак эди ва шундай бўлди ҳам. 1960-йилларгача мелиорация режалари ҳеч қандай офатга айланмади.

Бари ҳисоб-китобдагидек аниқ кетаётган эди. Тўсатдан 1970-йилларга келиб Оролга қуйиладиган сув йилига 42 куб км.гача камайиб кетди, денгиз сатҳи эса 10 йилда 2 метргача қулади. Бу денгиздаги сув балансининг иқлимий ҳисоб-китобини ўзгартириш кераклигини тақозо қилди. 1980 йилдаги хулосага кўра, 1985 йилга келиб Оролга ер усти сувларининг келиб қуйилиши йилига 15 куб км.га камайиши, денгиз сатҳи эса +46га тушиши ҳисобланган эди. Аслида, денгиз сатҳи пасайиши анча сезиларли бўлди: 1983 йилда Орол денгизи сатҳи кутилганидан 1,2 метр паст бўлди. Вазиятни баҳолашдаги климатологик усуллар ўзини оқламади. Шундай бўлса ҳам Орол офатчилигини суғориладиган ерларнинг ҳаддан ташқари кенгайтирилишида, деб қатъий ишонилди. Офатчиликнинг олдини олиш учун Иртиш ва Об дарёларини жанубга буриш ташаббуслари кўтарилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, суғориладиган ерларнинг максимал рухсат этилган майдони 8 миллион гектар бўлса ҳам Орол денгизи учун бу сезиларли таъсир кўрсатмаслиги керак эди. Аммо, 1961 йилга келиб суғориладиган ерлар 6 миллион гектарга яқин эди. “Хавфсизлик захираси”га ҳали 2 миллион гектар бор эди”.

Шундай қилиб, олимнинг фикрича, Орол денгизи сатҳининг кескин пасайишига сабаб суғориладиган ер майдонининг ҳаддан ташқари кенгайишида эмас, балки яна бир нарсада: Амударё ва Сирдарёнинг денгизга яқинлаган жойида қандайдир сув оқимини ушлаб турадиган механизмлар ишлай бошлаган. Бу ядровий портлаш орқали юзага келган “қопқон” бўлиши мумкин.

Орол денгизи саёзлашган даврларда Хитойда Лобнор ёпиқ кўли сатҳида ҳам 14 фоизга пасайиш юз берди. Негаки, бу кўл ёнида ҳам ядровий синов амалга оширилган.

Орол муаммоси ҳақида қисқача

  • 1913 йилда Орол денгизи суви билан суғориладиган ер майдони 3,2 млн гектар бўлган бўлса, 1985 йилга келиб бу кўрсаткич 6,9 млн гектарга етди.
  • Турли эҳтиёжлар учун Орол денгизидан сарфланадиган сув 1960-йилларда 63 км куб, 1980 йилда эса 95 км кубни ташкил этган.
  • ХХ аср давомида Оролбўйи ҳудудларида, Марказий Осиё ва қисман Афғонистон аҳолиси сони 14 млн.дан 65 млн.гача кескин ортди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги мақсадларида ернинг шўрини ювишга ҳам катта миқдорда сув сарфланган.

Орол денгизининг қуриб бориши натижасида бир қатор салбий ҳолатлар юзага келди. Орол ҳудудида пайдо бўлган заҳарли туз уюмларининг зарралари Помир тоғлари, Антарктида соҳиллари, Гренландия музликлари, Норвегия ўрмонларигача етиб бормоқда. Ёввойи ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси қирилиб кетмоқда. Оролбўйи ҳудудида локал иқлим кескин ўзгаришларга учради. Ичимлик суви танқислиги, хавфли касалликлар тарқалиши, яшаш шароитлари оғирлашуви натижасида Оролбўйи ҳудудидан аҳоли миграцияси кўпайди.

Есимхон Қаноатов, “Ишонч” мухбири.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.