Орол денгизи: кеча ва бугун

Улашиш:

Орол денгизига икки маротаба борганман. Ҳар борганимда бир пайтлар минглаб одамларни озиқ-овқат, иш билан таъминлаган денгиз ўрнида 5 млн.кв. метр майдонга эга Оролқум чўлининг ястаниб ётганини кўриб одамнинг юраги эзилади. Бу галги сафаримиздан мақсад унинг ўтмиши ва бугунги кунини солиштириш, ҳали сувлари қирғоққа урилиб, оқ чарлоқларнинг қийқириғи остида балиқ тутиш режасини бажариш учун денгизга отланаётган одамларнинг ҳазил-мутойибалари, уларнинг ҳаёти, фаолияти қандай бўлганини эслай оладиган собиқ балиқчилар билан танишиш эди.

Нукус шаҳрига етиб келгач, Мўйноққа отландик. Бизнинг, яъни бир гуруҳ Ўзбекистон, Тожикистон журналистларининг мазкур сафари MediaNet Халқаро журналистлар маркази ҳамда DW Akademie медиани ривожлантириш халқаро ташкилоти ҳамкорлигида Германия Федерал ташқи ишлар вазирлиги (Auswärtiges Amt) молиявий кўмагида амалга оширилган“Марказий Осиёда экологик масалаларни трансчегаравий ёритишига кўмак” лойиҳаси доирасида амалга ошди.

Биринчи “бекатимиз” 2017 йилда реконструкция қилинган Мўйноқ канали бўлди. Сониясига 44 куб метр сувни ўтказа оладиган канал бўш эди. Ҳали Оролга етмасимизданоқ сувсиз иншоатни кўриб, юрагимиз эзилди. Халқаро Орол фондининг мутахассиси Талвас Мамбетмурадов каналнинг стратегик аҳамияти ҳақида сўзлаб берди:

Мўйноқ бизни янгиланган кўринишда кутиб олди. Асосий кўчаларга янги асфальт ётқизилган, янги бинолар қурилган, аҳолининг нигоҳида ҳам келажака умид пайдо бўлганини кўриш мумкин.

Мўйноқдаги бир пайтлар минглаб одамларни иш билан таъминлаган, нафақат Ўзбекистон, балки собиқ Совет Иттифоқининг кўплаб шаҳарларини балиқ консервалари билан таъминлаган консерва заводи қайтадан ишга туширилган эди. Завод ҳудудига кирар эканмиз, бу ердаги ишлаб чиқаришга хос шовқин ўрнига сукунат ҳукмрон эканлигии кўриб ажабландик. Завод директори Руслан Мамбетназаровнинг айтишича, 70 иш ўрнига мўлжалланган корхона 2020 йили ишга туширилган. Бир муддат ишлаб,2021 йил май ойидан унинг фаолияти тўхтаган. “Нега?” деган саволимизга Р.Мамбетназаров “Мана ярим йилдирки сув йўқ. Сув бўлмаган жойда табиийки балиқ ҳам бўлмайди” деб жавоб берди.

Тарихга назар

Мўйноқ қишлоғига 1933 йил 15 ноябрда ишчи посёлкаси мақоми берилди. Айнан шу йили консерва заводининг қурилиши бошлаб юборилди. 1941 йили у илк маротаба фашистлар босиб олган ҳудудлардан фронт ортига ҳайдалган қорамоллар гўштидан тайёрланган 5 млн. дона консервалар ишлаб чиқарилиб, фронтга жўнатилди. 1960- йилларнинг ўрталаригача Мўйноқда 22 млн. дона балиқ консервалар ишлаб чиқилди. Орол муйловдоридан ташқари денгизда лосось, сазан, судак, дерех, чўртанбалиқ, вобла ва бошқа турдаги балиқлар овланарди. 1965 йиллардан бошлаб Орол денгизи саёзлашиб, сувдаги туз даражаси кўтарила бошлади. Ўтган асрнинг 70-йилларига келиб сув чекина бошлади. 1980 йилларда сув литрига 20 грамга ошди. Айнан шу сабали балиқ овлаш йилига 14 минг тоннага тушди ва хўжалик аҳамитяи йўқотди. 1984 йилдан бошлаб эса Орол денгизида мутлақо балиқ қолмади. Мўйноқ балиқ комбинатига Россиядан балиқ олиб келиниб, унинг фаолияти давом эттирилди. Аммо собиқ Иттифоқ парчалангач, 1998 йили комбинат ўз фаолиятини тўхтатди.

Бугунги кунда бир пайтлар Мўйноқ шаҳарчасининг чеграларида мавжланган денгиз тўлқинлари ундан салкам 250 км.га чекинган. Унинг аввалги чегараси ўрнига эса елканни акс эттирувчи рамзий белги ўрнатилиб, Кемалар қабристони очиқ музейи ташкил этилган. Бу ерга келаётган сайёҳлар қисқа фурсатда инсоннинг табиатга тажжовузкорона муносабати туфайли йўқ бўлиб кетиш арафасида турган денгизда бир пайтлари қайнаган ҳаёт аксини эса музейдаги суратлар орқалигина кўриши мумкин.

Муйноқ сўзи 1960 йиллардан аталиб, унгача Токмак деб аталган. Орол денгизи Россия императорининг офицери лейтенант Бутаков томонидан очилган. “Хўжалар эли” деб номланган ҳудудда 1930-йилларда хўжалар қувғинга учраганда, бу ердаги тўқайзоралар улар советлардан яширинишган. Кейинчалик бу ер Хужайли номини олган. Қадимда одамлар бу ерда оҳактош қазиб олишган, Муйноқ орол бўлиб, чўзинчоқ шаклга эга бўлган ва харитада оқ шаклда тасвирланган. Шунинг учун махаллий халқ Муйноқни “Бўйни оқ” деб аташган. 1939 йилдан 2000 йилгача Муйноқда балиқ консерва заводи фаолият юритган. Мазкур заводда консерва, балиқ уни, совун ишлаб чиқарилган ва маҳсулотлари хаттоки уруш йиллари Ленинград қамалига етказилган. Биргина Қорақалпоғистондан урушга 64 минг одам кетиб, шундан 30 мингтасигина қайтиб келган. Урушга одамлар Муйноқдан кемаларда олиб кетилган. Ўзининг эри ва ўғлини урушга кузатган аёл қиссаси бор. У эридан қора хат олгач, ўғлини кутиш учун ҳар куни пристанга чиқарди. 1980- йиллардан бошлаб сув чекина бошлади. Аммо аёл доимо суви йўқ, кемалар қумга тиқилиб қолган пристанга келар ва ўғлининг йўлига кўз тикарди. Одамлар унга, “Апа, бу ерга бошқа келманг, энди сув йўқ, кемалар ҳам юрмаяпти, ўғлингиз қайтиб келса ҳам бошқа йўлдан келади” дейишсада, аёл: “Ўғлим ҳали ёш, уни шу йўлдан олиб кетишган, у бошқа йўлни билмайди, денгиз қайтиб келса, ўғлим ҳам қайтиб келади” деб ўлганича қумларга, узоқда сув сингари жимирлаётган саробга тикилиб, ҳаётдан кўз юмган.

Бугунги кунда Муйноқда 13 500 (2018 й.)нафар одам истиқомат қилади. Жуда ҳам кўпчилик Орол фожеасидан сўнг ота-боболари яшаб ўтган юртни ташлаб, яшашга анча қулай бўлган бошқа ҳудудларга кўчиб кетишди. Аммо Ватанини севган, юртининг обод бўлишига ишонган инсонларнинг аксарияти ҳамон бу ерда яшашмоқда. Шулардан бири Манзура Ерниязова, Оролни чин дилдан севган ва уни қалбида сақлаб қолган рассом-хайкалтарош Ануарбек Саимбетовлардир.

Оролга сув қайтадими? Бу ерда яна балиқчилик ривожланадими? Бугунги кунда мазкур саволларни кўпчилик беради. Албатта Орол денгизини тўлдириш уддалаб бўлмас вазифа. Унинг бир пайтлари нафақат қорақалпоқ, балки бутун Ўзбекистон учун балиқчилик соҳасидаги аҳамияти ва тутган ўрни ҳақида кекса балиқчиларгина эслашади, холос.

Али Шаддинов 70 ёшда. Эсини танибдики балиқчилик қилган. Болалигида отаси билан денгизга чиққан бўлса, кейинчалик ўзи мустақил равишда ўша пайти Мўйноқдаги энг шарафли касблардан бири балиқчилик билан шуғулланди. Айни пайтда аёли Урозгул Умрзоқова билан 10 нафар фарзандни тарбиялаб, неваралар қуршовида ҳаёт кечиришмоқда. Али оға ўтган кунларни шундай эслайди:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги «Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилишни самарали ташкил этиш ҳамда глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизи қуришининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ва аҳолининг ҳаёт фаолиятига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида 2019 йилда амалга ошириладиган тадбирлар учун 100 миллиард сўм ажратилди.

Ушбу қарорда белгиланишича, баҳор мавсумида 200 минг гектар, кузда эса 300 минг гектар «яшил қоплама”лар ташкил қилинади. Умуман, ушбу ҳимоя ўрмонзорларининг 50 минг гектари кўчатдан, 450 минг гектари уруғдан барпо қилинади. Орол денгизининг қуриган 917,2 минг гектар ер майдони экишга тайёрланган. Унинг 363 минг гектарига саксовул уруғи экилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошчилигида тузилган тезкор штаб томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, тайёр уруғни идишларга жойлаштириш, экиш майдонларини тайёрлаш, экиш ва бошқа тадбирларда жами 1 минг 560 киши иштирок этган. Бу ишларга 462 техника ва 2 самолёт жалб қилинган.

Оролнинг қуриган майдонидаги саксовуллар орасига ёввойи ҳайвонлар ва чорва учун озуқабоп экинлар ҳам экилмоқда. Денгизнинг қуриган майдонларида 40 та артезиан қудуғи қазиладиган бўлди. Чучук сув чиқяпти. Бу келажакда чорвачиликни ривожлантириш имконини беради, дегани. Жорий йилда денгизнинг қуриган майдонида 500 минг гектар «яшил қоплама» барпо этиш режалаштирилган.

Биз сафаримизда давом этар эканмиз, Орол денгизи қолдиғига етиб боргунга қадар салкам ярим кун йўл босдик. Йўл десам нотўғри бўлар, чунки машиналар айнан қуриган Орол денгизи тубидан юрмоқда эди. Устюрт платосида эса кўплаб газ конларига дуч келдик.

Бугунги кунда Орол денгизи туби бевосита газ ва нефть қазиб олувчи команияларни қизиқтириб келаётир. Йўл йўлакай фақатгина битта аҳоли пункти Кубла-Устюртга дуч келдик, холос. Униққан пойдеворли, паст томли уйлар, бироз қийшайган четанли бино. Кейинроқ билишимизча у поселкадаги ягона мактаб экан. Посёлкада асосан 50 та хонадон, 1 та мактаб, ва битта қишлоқ врачлик пункти бор, унда атиги ярим штатга ҳамшира ишлайди. Шифокор йўқ. Аҳоли бирор кори ҳол бўлса туман марказига бориши керак. Агар собиқ Иттифоқ даврида бу ердан марказгача кичик самолет қатнаган бўлса, ҳозир у ҳам йўқ. Йўл йўқлиги сабабли мотоцикллардагина, қийналиб, анчагина вақт сарфлаб, у ерга етиб бориш мумкин. Шаҳар типидаги посёлка 1964 йили магистрал газ қувурларини ўтказиш жараёнида ишчилар учун қурилган эди. У 1990 йилгача Устюртдаги Комсомольск номи билан аталиб, республикамиз мустақиликка эришгач эса Кубла-Устюрт номини олди. Бугунги кунда эркакларнинг деярли барчаси газ конида ишласа, қолгани чорвачилик билан шуғулланишади, аёлларнинг аксарият қисми уй юмушлари билан банд.

Имоналиев Айтқул ота 86 ёшда. Собиқ балиқчи Орол денгизи қуригач, Кубла-Устюртга кўчиб келиб, бу ерда туя боқиш билан шуғуллана бошлади. Унинг айтишича, айнан денгиз қуришига одамларнинг ўзи айбдор. Аллоҳим қурита олмаган, минглаб одамларни боққан денгиз атиги 30 йил ичида қуриб битди. Денгизнинг кетиши билан унинг қирғоқларини одамлар, ҳайвону-қушлар тарк этишди.

Ниҳоят собиқ Орол денгизи бўйига етиб келдик. Нега собиқ дейсизми? Чунки бугунги кунда Орол денгизининг шўрланиши меъёридан бир неча ўн баробар ортиб, бир литр сувда айтишларича 370 грамм туз бор. Ўлик денгиз мақомини олаётган Оролда эса циста-артемия (майда қисқичбақасимон жониворлар) дан бошқа бирор жонзот яшамайди. Денгиз узра оқ чарлоқлар, балиқлар билан озиқланувчи турфа қушларни кўрмайсиз, уларнинг қийқириғини эшитмайсиз. Фақатгина, қирғоқдаги тошларга урилаётган сувнинг шалоплаши сукунатни бузади холос…

Орол денгизи қайтадими? Албатта йўқ. Ҳозир бу ерда туризмни ривожлантириш мақсадида унинг қирғоқлари яқинига ўтовлар тикилган. Бизнинг йўлбошчимиз Юсуф Камаловнинг айтишича, йилига Орол денгизини кўриш учун юзлаб сайёҳлар келади. Аммо туризмни жалб қилиш учун ҳали анча куч ва маблағ зарур. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 28 февраль куни “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017–2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2803-сонли қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорга асосан Мўйноқ тумани географик жойлашуви, ижтимоий-иқтисодий ривожланганлик даражаси, табиий иқлим шароити ва ресурслари ҳамда аҳолининг талабларини ҳисобга олган ҳолда умумий қиймати 52,3 млрд. Cўм бўлган 72 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1343 та янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилганди. Бу қарор босқичма босқич амалга оширилмоқда.

Мутахассисларнинг айтишларича Орол денгизининг суви ҳар икки ойда 5 см. ортга чекинмоқда. Демак, келгуси авлод Орол денгизини кўра олмаслиги мумкин. Уни сақлаб қолиш учун эса анча саёзлашиб қолган ва Мўйноққа етмасдан тугаётган Амударёсининг аввалги мақомини тиклаш зарур. Албатта бу жуда ҳам қийин иш. Аммо барча нарса инсоннинг хоҳиши ва иродасига боғлиқ. Жумладан. Орол денгизини қутқариш ҳам…

Наргис Қосимова

Нукус-Мўйноқ-Орол денгизи-Нукус

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.