Президент йиғилиши: пахтада ортда қолаётган ҳудудлар, қишга тайёргарлик ва сармоя масалалари муҳокама қилинди

Улашиш:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2025 йил 23 сентябр куни мамлакатдаги муҳим йўналишлар — пахта ҳосили йиғими, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, инвестиция ва экспорт кўрсаткичлари ҳамда “Яшил макон” дастури ижроси бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Пахта теримидаги ҳолат

Бу йил 875 минг гектар майдонга чигит экилиб, 3,7 миллион тонна ҳосил учун шартнома тузилган. 900 дан ортиқ пахта териш машиналари жалб этилган, фермерларга ёқилғи ва ўғит арзонлаштирилган тартибда берилган.

Бироқ Самарқанд, Сирдарё ва Навоий вилоятларида режадан ортда қолаётган ҳолатлар қайд этилди. Президент қисқа вақт ичида жойларда фавқулодда штаблар тузиб, терим жараёнларини тез ва сифатли ташкил этишни топширди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик

Республика бўйича 640 та мактаб ва боғчадан 125 тасида таъмир якунланмаган, 9,8 минг кўп қаватли уйдан қарийб мингтаси тайёр эмас. Айрим ҳудудларда қозонхоналар таъмири ҳам орқада қолган.

Президент икки ҳафта ичида барча инфратузилма — нимстанциялар, электр ва сув тармоқларини мавсумга шай ҳолатга келтириш зарурлигини кескин таъкидлади. Шунингдек, аҳолига етказиб берилмаган 27 минг тонна кўмир ва куз-қиш мавсуми учун режалаштирилган 330 минг тонна суюлтирилган газни ўз вақтида тарқатиш вазифаси қўйилди.

“Яшил макон” дастуридаги муаммолар

Бу баҳорда экилган 137 миллион кўчатдан 27,5 миллиони қуриб қолган. Сабаби — иссиқ кунлар тез келиб, кўчатлар мустаҳкамланиб улгурмаган. Президент дарахтларни кузда экишни кўпайтириш зарурлигини қайд этди. Шу йил кузида 125 миллион, баҳорда яна 75 миллион кўчат экиш режалаштирилди.

Инвестиция ва экспорт

2025 йилнинг учинчи чораги якунига келиб, мамлакатга 33,5 миллиард доллар хорижий сармоя кириши кутилмоқда. Январь–август ойларида экспорт 23 миллиард доллар бўлиб, ўтган йилга нисбатан 31 фоизга ошган. Бироқ айрим ҳудудларда экспорт кўрсаткичлари пасайган. Президент мутасаддилардан йил якунигача 7,3 миллиард долларлик қўшимча экспортни таъминлашни талаб қилди.

Шунингдек, АҚШ штатлари билан вилоятлар кесимида ҳамкорликни кучайтириш режаси белгиланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.