Интизомий жазоси бор ходимга Қурбон ҳайити учун мукофот берса бўладими?

Улашиш:

Интизомий жазо олган ходимга байрам кунлари, жумладан, Қурбон ҳайити учун мукофот қандай тартибда берилади?

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперт Муҳаммадамин Каримжоновнинг ёзишича, Меҳнат кодексининг 249-моддасига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ходимлар иш ҳақи миқдорининг меҳнатнинг миқдори ва сифатига, уларнинг шахсий ва жамоавий натижаларига боғлиқлигини белгилаш усулидир.

Бундан ташқари, МК 252-моддаси 2-қисмига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган мукофот ходимни олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришишга ундаш мақсадида иш ҳақининг таркибига киритилган ҳамда ходимга асосий маошидан (тариф ставкасидан) ташқари тўланадиган пул мукофотидир.

Шунингдек, МК 252-моддаси 3-қисмига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилмаган рағбатлантирувчи мукофот бир марта бериладиган хусусиятга эга бўлган ҳамда иш берувчининг қарорига кўра ходимнинг олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришганлиги учун эмас, балки муайян воқеалар (юбилейлар, байрам саналари ва бошқалар) юз берганлиги ёки ходим томонидан муайян ҳаракатлар амалга оширилганлиги (иш берувчининг алоҳида муҳим топшириғини бажариш, рационализаторлик таклифини киритиш ва бошқалар) муносабати билан тўланадиган пул мукофотидир.

Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, байрам саналари билан бериладиган мукофотлар меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайди ва меҳнат натижаларига асосланмайди. Шунинг учун ҳам, интизомий жазо амал қилаётган ходимга Қурбон ҳайити учун мукофот берилмайди.

Агар ходимга Қурбон ҳайити учун мукофот бермоқчи бўлсангиз, у ҳолда интизомий жазони олиб ташланг. МК 315-моддаси 3-қисмига кўра, иш берувчи интизомий жазони исталган вақтда олиб ташлашга ҳақли. Интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.