Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда «хомашё – ишлаб чиқариш – савдо» занжиридаги барча иштирокчиларни “соя”дан чиқариш ва уларни очиқ фаолиятга рағбатлантириш мақсадида янги тизим яратиш топширилди. Бу қадам иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш ва самарадорликни оширишни кўзда тутади.
Заргарлик соҳасида катта ислоҳотлар
Яккасарой, Андижон ва Хива шаҳарларида хорижий тажриба асосида жозибадор заргарлик марказлари ташкил этилди. Бу марказларда ишлаб чиқарувчилар ва инвесторлар учун қулай шароит яратилган. Шу каби марказлар бутун республика бўйича барпо этилиши белгиланди.
Жорий йилнинг ўзида 6 та янги марказ ишга туширилиши режалаштирилган. Уларда хомашё, лаборатория, ўқув маркази, шоу-рум ва дўконлар бир жойда жойлашади. Шунингдек, хорижий дизайнер ва технологлар жалб этилган ҳолда заргарлар тайёрланади.
“Заргарларнинг хомашё билан боғлиқ бирорта муаммоси бўлмаслиги керак”, — деди Президент.
Олтин захиралари кенгайтирилиб, биржага чиқариладиган олтин ҳажми 6 тоннан 8 тоннага оширилади. Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда бошқа ҳудудларда эҳтиёждан келиб чиқиб олтин захиралари шакллантирилади.
Асиллик инспекцияси, Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда назоратни кучайтириш вазифаси қўйилди. Тадбиркорларга заргарлик буюмларини белгиланган тартибда расмийлаштириш учун бир ойлик猠имтиёзли муддат берилди.
Қурилиш соҳасида тартиб ва стандартларга жиддий эътибор
Йил бошидан пудрат ишлари 10,3 фоизга ўсганига қарамай, омборларда маҳаллий керамик плита, гипсокартон, ойна, базальт момиғи каби маҳсулотлар йиғилиб қолган. Шу билан бирга, 225 миллион долларлик шундай маҳсулотлар импорт қилинмоқда.
Бундан буён девелоперларга айланма маблағ учун кредит беришда маҳаллий қурилиш материалига устуворлик қаралади.
Қурилиш инспекцияси томонидан ўтказилган текширувларда 1 600 та ҳолатда сифатсиз қурилиш материаллари ишлатилгани аниқланган. Шу муносабат билан “Шаффоф қурилиш” платформасида махсус реестр яратилади, унда корхоналар ва улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг сифати рейтинг асосида баҳолаб борилади.
Халқаро стандартлар ва энергия тежамкор технологиялар
Қурилишда замонавий, энергия тежовчи материаллар кенг қўлланилмоқда. Бироқ, уларнинг кўпчилиги учун стандартлар йўқ, мавжудлари эса халқаро талабларга мос эмас. Шу боис, йил якунигача 68 та халқаро стандарт қабул қилиниши топширилди.
Йиғилиш якунида соҳавий ва ҳудудий раҳбарлар ахбороти, тадбиркорларнинг таклифлари тингланди ва соҳада туб ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди.