Ўзбекистон ҳукумати 2022 йилда ЯИМ 5,9 фоизга ўсишини прогноз қилди

Улашиш:

Вазирлар Маҳкамасида 2021 йилнинг кутилаётган макроиқтисодий кўрсаткичлари, 2022−2024 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар ва 2022 йил учун Давлат бюджетининг лойиҳаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, дастлабки статистик маълумотлар 2021 йилнинг 9 ойлик якунлари билан республикада ЯИМ 6,9 фоизга ўсганини кўрсатмоқда.

Ушбу даврда 338 мингта қўшимча иш ўрни яратилган. 77 мингга яқин янги тадбиркорлик субъекти ўз ишини бошлаган. Инвестициялар ҳажми ЯИМга нисбатан 32 фоизни ташкил қилган.

9 ойда экспорт ҳажми, олтин экспортини инобатга олмаган ҳолда 34,1 фоизга ўсиб, 8,9 миллиард долларни ташкил этган.

2021 йил якуни бўйича мамлакат ЯИМ ўсиши 6,5−7 фоиз атрофида бўлиши, бунда саноатда ишлаб чиқариш ҳажми — 9,1, қурилиш ишлари ҳажми — 6,6, хизматлар соҳаси — 8,6 ва қишлоқ хўжалиги — 2,8 фоизга кўпайиши кутилмоқда.

Октябрь бошида Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ЯИМ ўсиши бўйича прогнозини қайтадан кўриб чиқиб, уни 4,8 фоиздан 6,2 фоизга оширган эди.

Мамлакатнинг ўрта муддатли макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозининг асосий сценарийсида келгуси 5 йилда ЯИМнинг ўртача ўсиш суръати 6,5 фоизда бўлиши прогноз қилинган. «Хусусан, 2022 йилда ЯИМнинг 5,9 фоизга ўсиши, келгуси йилларда эса ўсиш суръатларининг бундан юқори бўлиши ҳисоб-китоб қилинган», — дейилади хабарда.

Ҳукумат олдида 2026 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ миқдорини 2800 долларга етказиш ва 2030 йилга бориб эса 4000 доллардан ошириш ва ўрта даромадли мамлакатларнинг юқори гуруҳига кириш вазифаси тургани таъкидланган.

«Макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, хусусан, инфлация даражасини 2022 йилда 9 фоизгача, ўрта муддатда 5 фоизгача пасайтириш, давлат қарзини мўътадил даражада ушлаб туриш ҳамда давлат бюджети тақчиллигини келгуси йилда 3 фоиздан оширмаслик лозимлиги белгилаб олинди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг 1 январидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини 2 фоиздан 1,5 фоизгача пасайтириш режа қилинган.

Фойда солиғи ҳисоблашда инвестициявий чегирма миқдорини янги технологик ускуналар учун 10 фоиздан 20 фоизгача, бинолар учун 5 фоиздан 10 фоизгача ошириш мўлжалланмоқда. Шунингдек, амортизация нормаларини ўртача 2,5 баробарга ошириш таклиф қилинмоқда.

Шу қаторда 2022 йилги давлат бюджети лойиҳасида ижтимоий соҳага маблағ ажратилишининг устуворлиги таъминланган ҳолда, уларнинг салкам 45 фоизи таълим соҳасига йўналтирилмоқда.

Хусусан, мактабгача таълим муассасаларига ҳамма тадбирларни ва тарбияланувчилар сони ошганлигини инобатга олган ҳолда жорий йилга нисбатан 2,2 триллион сўм кўпайтирилиб, 8,7 триллион сўм, халқ таълимига 30,3 триллион сўм (6,5 триллион сўмга кўп), ўрта махсус ва олий таълимга 7,5 триллион сўм (3,1 триллион сўмга кўп) маблағ ажратилмоқда.

Келгуси йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 22,6 триллион сўм ёки жами харажатларнинг 11 фоизи йўналтирилиши режалаштирилган.

2022 йилда ижтимоий нафақа олувчи эҳтиёжманд оилалар сони 2021 йилдаги ўртача 1,2 миллиондан 1 миллион 440 минггача ошиб, жами оилаларнинг 16,5 фоизи қамраб олинади. Туман ва шаҳарлар бюджетларининг 5 фоизи, яъни 1,4 триллион сўм маблағ «Очиқ бюджет портали» орқали бевосита фуқаролар томонидан билдирилган таклифларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Бундан ташқари, иш ҳақи, ижтимоий нафақалар, стипендиялар ва пенсиялар миқдорини инфляция даражасидан юқори суръатларда ошириш учун бюджет лойиҳасида етарли маблағлар кўзда тутилганлиги айтилмоқда.

2022 йил Бюджетномасида халқаро молия институтлари экспертлари техник кўмаги асосида ишлаб чиқилган, вазирлик ва идораларнинг навбатдаги уч йиллик бюджет харажатлари бўйича ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлари акс эттирилмоқда.

2022 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигини жорий йилда кутилаётган ЯИМга нисбатан 5,5 фоиздан 3,0 фоизгача пасайтириш лозимлиги белгилаб олинди.

Мажлисда билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва Бюджетнома Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.