Жиззах шаҳрида йирик бозор ва савдо мажмуалари тадбиркорлари билан ўтказилган учрашувда яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ интизомини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи, Прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти раҳбари ҳамда шаҳар солиқ инспекцияси мутасаддилари иштирок этди.
Муҳим жиҳат сифатида тадбиркорларга товар ёки хизмат учун чек бермаслик қонунга зид экани қатъий тушунтирилди. Жисмоний шахсдан жисмоний шахсга (P2P) тўлов қабул қилиш ноқонуний ҳисобланиши таъкидланди. Харидорга чек ва QR-код орқали расмий харид чекини тақдим этиш ҳар бир тадбиркор учун мажбурий ҳисобланади.
Йилнинг 8 ойи давомида ўтказилган сайёр текширувларда 1240 та қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Солиқ ҳамкор дастури орқали тушган мурожаатлари асосида яна 992 та ҳолатда назорат-касса машиналаридан фойдаланилмагани фош этилди. Жами 6,7 миллиард сўмдан ортиқ жарима қўлланилди.


Шу билан бирга, камерал текширувлар орқали 46,1 миллиард сўмлик ҳисоб-китоблар қайта кўриб чиқилиб, 44,6 миллиард сўм қўшимча солиқ давлат бюджетига ундирилди. Текширувлар натижасида 34 та солиқ тўловчининг қўшилган қиймат солиғи (QQS) гувоҳномаси вақтинчалик тўхтатилди. Бундан ташқари, жами 149,4 миллиард сўм қўшимча солиқ ҳисобланди.
Мутасаддилар таъкидлаганидек, яширин иқтисодиёт давлат тараққиётига тўсиқ бўлади. Ҳар бир харидда чек талаб қилиш эса иқтисодиётнинг шаффофлиги ва солиқ тушумларини оширишда муҳим қадам ҳисобланади.