ОАВ Путиннинг икки “ўғли” ҳақида ёзди: хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин?

Улашиш:

Россия президенти Владимир Путиннинг 73 ёшга тўлган куни муносабати билан маҳаллий ва хорижий ОАВларда унинг эҳтимолий фарзандлари ҳақидаги навбатдаги сенсацион хабарлар пайдо бўлди. “Агентство” нашри журналистлар Роман Баданин ва Михаил Рубиннинг янги “Шоҳ(цар)нинг ўзи” номли китобига таяниб, Путин ва собиқ гимнастикачи Алина Кабаеванинг икки ўғли — Иван ва Владимир ҳақида маълумот берди.

Манбаларнинг ёзишича, болалар расмий ҳужжатларда Спиридонов фамилияси билан қайд этилган бўлиб, бу фамилия Путиннинг бобоси Владимир Спиридонович шарифига боғлиқ бўлиши мумкин. Улар Валдайдаги президент қароргоҳида яшайди, улар учун алоҳида сарой ва дам олиш мажмуаси қурилгани, шахсий ҳайдовчилар ва ФСО қўриқчилари хизмат кўрсатиши айтилади.

Шу билан бирга, китобда Путиннинг турли исмлар билан қайд этилган бошқа фарзандлари ҳақида ҳам гап борган. Масалан, унинг биринчи турмушидан бўлган қизлари Екатерина Тихонова ва Мария Воронцова ҳақида маълумотлар расмий манбаларда ҳам тасдиқланган. Аммо “Розова” номи билан танилган қизи ҳақидаги маълумотлар расман ҳеч қачон эътироф этилмаган.

Бундай хабарлар Россияда илгари ҳам бир неча бор тарқалган. Лекин Кремль ҳеч қачон президентнинг шахсий ҳаётини муҳокама қилишга изн бермаган ва оила ҳақидаги маълумотларни “махфий” тоифага киритган. Шунинг учун, фактчекинг нуқтаи назаридан, мазкур хабарлар ҳозирча фақат журналистик терговлар ва тахминларга асосланган бўлиб, ҳеч бир расмий манба томонидан тасдиқланмаган.

“Шоҳ(цар)нинг ўзи” китобининг ўзи ҳам илмий ёки юридик ҳужжат эмас — у сиёсий публицистика жанрида ёзилган таҳлил ва мулоҳазалар тўплами бўлиб, далиллар асосида эмас, журналистик кузатувлар асосида шаклланган.

Шундай экан, Путиннинг “икки ўғли” ҳақидаги хабар ҳозирча аниқ тасдиқланмаган маълумотлар тоифасига киради. Шу билан бирга, унинг шахсий ҳаёти доимгидай Кремль томонидан қатъий назорат остида қолмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.