70 ёшга тўлган Путин аслида ким? У ҳокимиятга қандай келиб қолган?

Улашиш:

1999 йил 31 декабрь, Москва. Кремль саройи зинапоясидан ўрта бўйли, озғин ва ёш собиқ КГБ ходими шахдам қадамлар билан юқорига чиқиб келарди. Унга ҳурмат кўрсатилиб, эшиклар бирма-бир очилди. Кремлдаги кекса сиёсатчилар «бу йигитча ким бўлди?» деб ҳайрон бўлишди. У тўғри давлат раҳбарининг кабинети томон кетаётган эди. Хонага яқин келганида, Россия Президенти Борис Ельцин кабинет эшигини очиб, унга йўл берди. Елциннинг йўлини кесиб, Президент идорасига кирган бу йигит ўн йиллаб бу кабинетда қолиб кетишини ким ҳам ўйлабди дейсиз?!

Дастлаб, дунё сиёсатчилари бу болакайга беписандлик кўзи билан қарашди. Ҳатто, айримлар уни тан олмади ҳам. Бироқ орадан кўп ўтмай Путин ўзининг қандай сиёсатчи эканлигини «жуда яхши» йўл билан намойиш қилди. Бугун у амалга ошираётган ишлар ер шарини ларзага солмоқда.

Путиннинг шахсияти зиддиятли ва қизиқарли. У ҳақида турли миш-мишлар мавжуд. Баъзилар уни Самарқандда кира қилганини айтса, бошқалар у Тошкентда яшаганини таъкидлашади. Хўш, бугун 70 ёшни қаршилаган Путин аслида ким?


Путин қаерда туғилган?
Расмий Кремль берган маълумотларга кўра, Владимир Владимирович Путин 1952 йил 7 октябрь куни Ленинград шаҳри (ҳозирги Санк-Петербург)да, камбағал оилада дунёга келган. Путин туғилган вақтда унинг оиласи Ленинграддаги бир хонали квартирада истиқомат қилган. Лекин шу расмий маълумотларга қарамай, омма орасида «Путин Самарқандда туғилган», деган миш-мишлар кенг ёйилган. Балки бунга Путиннинг СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ)да ишлагани сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, авторитар тузумларда иқтидордаги шахснинг биографияси ҳар томонлама иҳоталанган бўлади.

Айрим маълумотларга кўра, Путиннинг бобоси Спиридон Иванович СССР коммунистик партиясининг кўзга кўринган шахсларнинг дала ҳовлиларида ошпазлик қилган. Унинг отаси Владимир Спиридонович эса Иккинчи жаҳон урушида асосан Ленинград фронтида жанг қилган. Путиннинг отаси ҳам, онаси ҳам унинг Россия Президентига айланишидан бир оз аввал вафот этган.


КГБда ишлаш орзуси
Владимир Путин болалигидан разведкачи бўлишни орзу қилди. Чунки тоталитар тузум ёшларни шу руҳда тарбия қилинган. Путин мактабни тамомлагач, КГБ қўмитасига мурожаат қилиб уни ишга олишларини сўрайди. Махсус хизмат вакиллари у билан суҳбат ўтказиб, унга кўпроқ ҳуқуқий билимларни ўзлаштиришни маслаҳат беришди. Шундан сўнг Путин 1970-1975 йиллар оралиғида Ленинград университетининг юридик факультетида таҳсил олди. У жисмоний тайёргарликка алоҳида эътибор қаратди. Маълумот учун, Путин 1973 йили самбо, 1975 йили дзюдо спорт турларича бўйича Ленинград чемпиони ҳисобланади.

Путин 1975 йилда университетни битиргач, лейтенант унвони билан КГБ зобити бўлди. 1977 йилдан бошлаб у КГБнинг контрразведка бўлимида фаолиятини бошлади. У ўзининг ташаббускорлиги ва ҳаракатчанлиги туфайли тизимда аста-секин юқорига кўтарилди. Путин 1984 йилда Москвадаги Андропов номидаги ташқи разведка академиясини тамомлади.

Ўқиш даврида Путиннинг фамилияси Платов (раҳбарият томонидан танлаб берилган) бўлган. Чунки КГБ талабига кўра ҳатто бир курсда ўқийдиганлар ҳам бир-бирларига оид маълумотларга эга бўлмасликлари лозим эди. Ўқиш даврида бўлажак диктатор ўзини кўрсатди.


Путин Германияда нима қилган?
КГБ ташқи разведкаси бўйича мутахассисга айланган Путин, 1985 йилда Германия Демократик Республикасига жўнатилди. Чунки иккига бўлиниб кетган Германиянинг бир қисми социалистик блок таъсирида эди. Путин ГДРда разведкачиликлик қилган вақтда бир фавқулодда вазиятни ўз назоратига олишга муваффақ бўлди.

1989 йилга келиб коммунистик давлатлар қулаш арафасида эди. Шундай бир паллада Берлин девори қулади. Минглаб немислар озодлик учун кўчага чиқди. Улар Путин хизмат қилаётган КГБ бўлимига ҳужум қилишди. Уларнинг мақсади СССР разведкасига оид архив ҳужжатларини қўлга киритиш эди. Путин эса қурол ишлатмасдан оломонни тарқатиб юборишга муваффақ бўлди ва ўзи махфийлик билан йиққан архив ҳужжатларини ёқиб юборади. Шундан сўнг, 1990 йилнинг январида у Германиядаги фаолиятини якунлаб, Ленинградга қайтди.

1991 йилнинг бошига келиб Совет иттифоқи парчалана бошлади. Ўша йилнинг август ойида Г.И.Янаев бошчилигидаги гуруҳ ҳокимиятни эгаллаб олмоқчи бўлганида Путин ишсиз эди.

Москвадаги август воқеалари тинчигач, у иш топишга муваффақ бўлди. Путин ўзи таҳсил олган университетда бир муддат Станислав Меркурев исмли ректорга ёрдамчи бўлиб юрди. Ректор Меркурев уни шаҳар мэри Анатолий Собчак билан таништиради ва ишончли ходим сифатида тавсия қилади. 1991 йилда Собчак Санкт-Петербургга мэр этиб сайланганидан сўнг, Путин унга халқаро масалалар бўйича ёрдамчи бўлди. Бунинг ортидан Путин хориждаги кўплаб миллиардерлар билан танишишга эришди.

1996 йилда Анатолий Собчак губернаторлик сайловларида енгилади. Путин яна ишсиз қолади. У берган интервьюларидан бирида шундай деган эди:

«Ҳаттоки таксида пул топиш ҳақида ўйлардим. Ҳазиллашмаяпман, қаерга ҳам борардим. Икки нафар кичкина болам бор эди. Шундай қилиб менга Москвага кўчиб ўтиб, Президент идорасида ҳуқуқий масалалар бўйича ишлашни таклиф қилишганда рози бўлдим ва келдим».

1997 йилда Владимир Путин Алексей Кудрин ўрнига президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланади. Президент Администрацияга ишга кирган Путин аста-секин оқимга мослашиб, ўзини кўрсата бошлади. 1998 йилда у Валентин Юмашевнинг тавсиясига биноан КГБнинг ҳар тарафлама вориси бўлган ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) раҳбари этиб тайинланди. Ушбу масъулиятли лавозимларда Путин бир қатор ислоҳотлар ўтказиб, ўзини кўрсатди. Ахир, бу соҳада Путин анча ёқа йиртган эди.

Борис Ельцин президентлик даври (1991-1999)да Россияда демократиянинг уруғлари эндигина ниш ура бошлаган эди. 1999 йилнинг август ойида Ельцин ҳукумат раиси этиб Путинни тайинлади. Йил охирига келиб, Ельцин ўз лавозимини Путинга бўшатиб берди. Ельцин кутилмаганда Путинни ҳукумат раиси ва орадан кўп вақт ўтмасдан ўзига ворис қилиши бироз шубҳали. Қолгани ўзингизга маълум...

Манба: Xabar.uz

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.