Жиззахда “Давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш сари” мавзусидаги раҳбар аёллар форум-семинари бўлиб ўтди

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Жиззах вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида Жиззах Политехника институти анжуманлар залида “Давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш сари” мавзусида раҳбар аёллар форум-семинари бўлиб ўтди.

Унда давлат фуқаролик хизматидаги раҳбар аёллар, Бошқарув самарадорлиги агентлиги масъул вакиллари, Жиззах шаҳри ва туманлар ҳокими ўринбосарлари-оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари, инсон ресурсларини бошқариш бўйича масъул раҳбарлар, Миллий ва салоҳиятли кадрлар захирасига киритилган раҳбар аёллар ва “Раҳбар аёллар мактаби” тингловчилари ҳамда ОАВ иштирок этди.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда жадал ривожланиш жараёнларида самарали давлат бошқарувини аёллар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жиддий қадамлар ҳам қўйилди, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, уларнинг қадр-қимматини улуғлаш Янги Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида етакчи ўринга қўйилмоқда. 

2017 йилда бошқарув соҳасида хотин-қизлар ўртача 20 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу рақам 35 фоизга етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Аёлларнинг давлат бошқаруви ва парламент фаолиятидаги иштироки кучайгани жамиятимиз ривожига ҳам ижобий таъсир этаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. 

Жиззах вилоятида бўлиб ўтган мазкур тадбир ҳам соҳада амалга оширилаётган амалий ишларнинг узвий давоми бўлди. Мақсад хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг лидерлик кўникмаларини ривожлантириш, давлат хизматида кенг иштирокини таъминлаш ҳамда аёллар учун тажриба алмашиш ва лавозимда ўсиш имкониятларини яратишга қаратилди. 

Тадбир пленар мажлис билан бошланди. Унда Агентлик ва вилоят ҳокимлиги вакиллари иштирокчиларга мурожаат қилиб, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш жараёнларида аёл раҳбарларнинг роли ва аҳамияти ҳақида тўхталдилар. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш – давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.

Семинарда тажрибали ва салоҳиятли масъул раҳбарлар, соҳа мутахассислари раҳбар аёлларда лидерлик, халқпарварлик, креативлик кўникмаларини шакллантириш, давлат хизматида инновацион технологияларни қўллашда хотин-қизларнинг роли, давлат хизматчиларининг саломатлиги — давлат хизмати самарадорлиги кафолати, давлат хизматида оила ва карьера мувозанатини таъминлаш стратегиялари мавзуларида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Соҳада йиллар давомида босиб ўтилган ҳаётий тажрибаларини ўртоқлашишди. 

Семинар ўз ишини шуъбаларда давом эттирди. Ундада  “Аёлларни юқори раҳбарлик лавозимларига тайёрлашнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари”, “Эмоционал интеллект ва бошқарувчилик компетенцияларини ривожлантириш”, “Давлат хизматидаги хотин-қизларнинг жамоатчилик билан ҳамкорлиги: замонавий технологиялар ва трендлар”, “Инсон ресурсларини бошқаришнинг замонавий усуллари ва давлат хизматига аёлларнинг мослашуви”, “Рақамли ҳукумат тизимида аёлларнинг роли”, “Давлат хизматчилари малакасини ошириш ва узлуксиз касбий ривожлантириш” масалалари муҳокама қилинди.  Шуъбалар ўз ишини кичик гуруҳларда ишлаш, кейс-стади ва баҳс-мунозара каби интерфаол усулларда ташкил этди.

Шунингдек, тадбир доирасида “Аёл давлат хизматчилари салоҳияти: интеллектуал билим ва фикр баҳси” шиори остида “Zakovat” интеллектуал ўйини ўтказилди. Иштирокчилар учун Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Шароф Рашидов музейларига ташрифлар ташкил этилди. 

Форум-семинарнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, иштирокчилар Ғаллаорол туманида жойлашган “Agro In Vitro” агрокорхонасида бўлиб, қишлоқ хўжалигидаги замонавий инновацион ёндашувлар билан танишишди. Таъкидлаш жоизки, бугун Агентлик соҳада илғор технологияларни жорий этиш мақсадида давлат муассасалари, хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича дастур белгилаб олган. 

Маълумот учун: “Agro In vitro” МЧЖ лабораториясида 20,4 гектар майдонда кўчатчилик комплекси барпо этилган. Лойиҳага 20 млн. доллар инвестиция киритилган ва янги 72 та ишчи ўрни яратилган. 

Форум иштирокчилари агрокорхонанинг мутахассисларни тайёрлаш тизими, хорижий тажрибаларни ўзлаштириш, ёш кадрларни ривожлантириш ва соҳага қизиқтириш ҳамда инвестиция жалб қилиш каби тажрибалари билан яқиндан танишишди. 

Семинар давомида иштирокчиларнинг соҳага оид таклиф ва ташаббуслари ижтимоий сўровнома орқали ўрганилди. 

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.