Замонавий шаҳарсозлик ва архитектура муаммолари оммавий ахборот воситаларида бир неча бор кўтарилди. Жорий йилда ушбу соҳада қатор қарор ва янгиликлар қабул қилинди. Бугун қандай натижалар ҳақида гапиришимиз мумкин? Архитектор Равшан Салимов ўзининг муаллифлик мақоласида ушбу мураккаб ва масъулиятли соҳанинг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилиб, ўз фикрини баён қилди.
Жорий йил Тошкентда архитектура жамоатчилиги, жумладан, яқин ва узоқ хориждан келганлар учун фестиваллар, форумлар ва ҳатто халқаро конгресслар ўтказилди.
Пойтахтнинг йирик кўргазма павильонларида намунали лойиҳалар намойиш этилди, илмий маърузалар ва тақдимотлар ўтказилди, нуфузли дипломлар ва мукофотлар топширилди.
Ўзбекистон архитекторлари учун бундай миқёсдаги тадбирлар ташкил этилгани албатта яхши, зеро, ҳамкасблар, турли мактаб ва йўналишлар вакиллари билан ижодий мулоқот қилиш, ўз ютуқларини таққослаш, дунёда меъморчиликни ривожлантиришнинг янги имкониятлари ва истиқболлари билан танишиш имкониятлари яратилди.
Буларнинг барчаси ҳақиқатан ҳам шундай бўлиши мумкин эди, аммо битта "лекини" бор - бу жамоат фаолияти ҳеч бўлмаганда қандайдир мулоқотнинг ибтидоси бўлиши ва мутахассислигимизда тўпланган муаммоларнинг ечимларини муҳокама қилишга ёрдам берармикан?
Муаммоларнинг келиб чиқиши
Мавзудан узоқда бўлганлар учун эслатиб қўяман. 90-йилларнинг ўрталаридан бошлаб Ўзбекистон архитектураси ва шаҳарсозлиги энг чуқур ва ҳалокатли инқирозни бошдан кечирмоқда, бунинг натижасида ҳокимият лавозимлари ва тузилмаларида архитекторлар қолмади. Ўзини мутахассис деб билаётган қурувчилар, иқтисодчилар ва юристлар нимани, қаерда ва қандай қилиб лойиҳалаш ва қуриш тўғрисида қарор қабул қилмоқдалар ва архитекторларга фақат намойиш этувчи ва дизайнерларнинг роли берилади, бу ҳам кўпинча бирон бир хорижий компания топилмаса.
Маҳаллий архитекторларнинг бошқарув идоралардаги фикрлари узоқ вақтдан бери ҳеч кимни қизиқтирмайди. Муҳим объектларни ишлаб чиқиш, меъморий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, шаҳар муҳитини реконструкция қилиш, республика шаҳарларини ривожлантириш бўйича бош режаларни ишлаб чиқиш ва бошқалар бўлса ҳам ўзимизнинг архитекторларимиз эътибордан четда қолади.
Архитекторларнинг асосий идораси -Архитектура ва қурилиш бўйича Давлат қўмитаси Қурилиш ва коммунал хўжалик вазирлигига қайта ўзгартирилди, бундан архитектура сўзи тушунча сифатида чиқариб ташланган.
Энг муҳим бирлаштирувчи ва ихтисосликни ривожлантириш идораси - Республика архитекторлари уюшмаси фақат қоғозда қолди ва 2005 йилда Мустақиллик кўчасидаги 6-уйда жойлашган бинодан кўчирилганидан бери на янги манзил, на ташкилотнинг аниқ аъзолари, на ушбу ташкилот тўғрисидаги Низом ва унда белгиланган ҳеч қандай фаолият мавжуд эмас.
Республиканинг Тошкент ва Самарқанддаги иккита архитектура олий ўқув юрти зарур мутахассислар йўқлиги сабабли муҳандисликлик олий ўқув юртларидан ҳунармандчилик билим юртларига ўхшаб қайта шакллантирилди, бу ерда бўлажак архитекторларнинг асосий ва ягона ихтисослиги фасад дизайни ва шакл яратиш бўлиб қолди. Афсуски, 20 йилдан бери архитектор – бу керакли назарий билим ва таҳлилий қобилиятларга эга бўлмаган компьютер расмларини тайёрловчисига айланган.
Лойиҳа-қидирув комплекси ҳам аянчли аҳволда бўлиб, унинг учта асосий институти-ЎзшаҳарсозликЛИТИ, ТошкентБошпланЛити, ТашГипроГор – ўтган йиллардаги ислоҳотлардан сўнг, учдан икки қисмидан кўпроғига "қисқариб", аввалги ҳуқуқий лаёқатини йўқотди ва энди сараланма ёпилиши ва тарқатиб юборилишини кутмоқда. Бу идоралар хусусийлаштириши ёки ноаниқ ихтисосликка эга бирон бир лойиҳа марказига қўшилиши ёки бошқа бир нарсага ўзгартирилиши эҳтимолдан холи эмас.
Бу муаммоларнинг барчаси давом этар ва кучайиб борар экан, юқорида айтиб ўтилган барча фестиваллар, форумлар ва конгресслар ўз ғоялари билан ҳеч нарсани ўзгартира олмайди. Бу ҳолат бугунги кунда ҳатто номутахассислар учун ҳам аниқ ва тушунарли.
Аввал ислоҳотлар - кейин фестиваллар
Хуллас, архитекторлар ва уларнинг фаолиятига нисбатан нима ўзгариши керак? Бу касбнинг йўқолган мазмуни ва аҳамиятини нима тиклайди? Тарихий шаҳарларимизни биз билан боғлиқ бўлмаган турли хил хорижий қурувчилар учун полигонга айлантирмасликнинг иложи борми?
Архитектура меросини сақлаш, замонавий лойиҳаларига бўлган муносабатни ўзгартириш учун нима қилиш керак? Ахир шаҳар ҳокимияти бу каби ташаббусларни самарасиз, қиммат ва жамият томонидан талаб қилинмайдиган лойиҳалар сифатида қабул қилинмоқда, ҳолбуки, булар ўзига хосликни таъминлайди ва шаҳар муҳитининг туристик жозибадорлиги оширади.
Муаммо албатта катта, кўп бўғинли ва тизимли бўлиб, уни қисқача ифодалаб бўлмайди, лекин ҳеч бўлмаганда уни белгилаш керак. Айтишим керакки, бу муаммоларни фестиваллар ва конгресслар ортида яшириб бўлмайди. Улар кимнингдир манфаатлари остида тобора кучайиб бормоқда.
Ислоҳотлар керак. Ягона тизим нуқтаи назаридан ва касбий фаолиятнинг барча қатламларида – ягона мафкура ва мақсадли вазифалар остида бир-бири билан боғланган маъмурий ва бошқарув, лойиҳа ва тадқиқот, таълим, тарбия, ижодий ва бошқа қатламларда пухта ўйланган ва келишилган ҳаракатлар дастури талаб қиланади. Бироз олдин ёзилган барча нарсалар мақоланинг охиридаги ҳаволаларда берилган.
Амалдаги тармоқ маъмурий ва бошқарув органлари томонидан архитектура касбига бўлган муносабатни ўзгартириш керак, уларда архитекторлар фикрининг устуворлиги рўйхатнинг бошидан эмас, балки унинг охиридан жой олган. Улар архитекторларни фақат фасадни лойиҳалаштиришга қодир рассомларнинг бир тури сифатида қабул қилишади.
21-аср меъморчилиги - бу Ренессанс, классицизм ва бошқа даврлар санъати эмас. Бу ҳатто 50 йил олдин маълум бўлган касб эмас, чунки алоҳида биноларни лойиҳалаштирганлар ҳам, шаҳарлар ва агломерацияларнинг бош режаларини ишлаб чиққанлар ҳам архитектор деб ҳисобланган. Энди эса шаҳарсозлар ёки чет элликлар тили билан айтган урбанистлар, бу аллақачон алоҳида касб бўлиб, уни архитектура билан фақат энг умумий асослар боғлайди.
Ушбу иккала мутахассислик ҳам урбанизациялашган ландшафтнинг келажакдаги ривожланишини башорат қилиш ва моделлаштиришга, шаҳар муҳитини қайта тиклаш бўйича муайян стратегияларни ишлаб чиқишга имкон берадиган жиддий фанлардир.
Афсуски, касбимизда лойиҳа ишини ривожлантириш ва мафкурадаги барча хатолар, ижодий жараённи ташкил этиш, маълум режалаштириш ечимларини танлаш унчалик аниқ ва равшан эмас, акс ҳолда бирор нарсани ўз вақтида тўхтатиш, ўзгартириш ёки тузатиш мумкин бўларди.
Архитектура ва шаҳарсозликдаги хатолар ЖАМЛАНИШ хусусиятга эга, зеро, бунга хатоларни бартараф этиш жуда қимматга тушганда ёки шунчаки имконсиз бўлганда ишонч ҳосил қилиш мумкин. Архитекторлар ва шаҳарсозларнинг муҳим ишларидан четлатилгани туфайли бу тузатиш қийин бўлган хатолар ҳақида ҳозир ўйлаш керак.
Мутахассисликни ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари қандай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга мен иккитасини айтаман:
архитектура ҳамжамияти фаолиятининг коллегиал идорасини собиқ Архитекторлар уюшмасига ўхшаш тарзда тиклаш;
нуфузли хорижий ОТМлардан бирининг мисолида олий таълимни тиклаш, уларсиз ва фақат ўзимизнинг кадрларимиз билан бу мақсадга эриша олмаймиз.
Иккаласи ҳам тез иш эмас, аниқ кўриниб турибдики, мутахассисликни тиклаш учун йиллар керак бўлади. Вақт ва шароитларнинг ўзи ҳамма нарсани тўғрилаб, ўз жойига қўйишига умид қилиш янада нотўғри ва регрессив кўринади.
Архитектура фестиваллари, конгресслар, форумлар ва бошқа тадбирлар касб учун жуда муҳим ва икки баравар зарурдир, лекин улар фақат ижобий нарсаларга эътибор бермаслиги ва касбдаги муаммоли ва оғриқли масалаларни четлаб ўтмаслиги лозим.