Бакировга қарши иш қўзғатилмади: Энергетика вазирининг шикояти рад этилди

Улашиш:

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси иқтисодчи ва блогер Отабек Бакировга нисбатан Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг шикояти бўйича иш қўзғатишни рад этди.

Бакировнинг маълум қилишича, бу қарор экспертиза хулосаси асосида қабул қилинган. Хулосада иш қўзғатиш учун асос йўқлиги кўрсатилган. Шунингдек, вазирнинг шикояти бир ярим йил олдинги постга тааллуқли бўлган.

Блогер ички ишлар органлари томонидан ишнинг тезкор ва шаффоф кўриб чиқилгани учун миннатдорлик билдирди.

Шикоятнинг мазмуни
Энергетика вазири нафақат ички ишлар идораларига, балки прокуратурага ҳам мурожаат қилиб, Бакировнинг 2023 йил 5 июнда чоп этилган "Саҳбон" подстанцияси ҳақидаги постидан шикоят қилган. Унинг фикрича, постда ҳақоратли ва обрўсизлантирувчи ифодалар мавжуд бўлиб, муаллифга нисбатан тегишли чора кўриш талаб этилган.

Мазкур постда Бакиров пойтахтнинг Олмазор тумани ва Тошкент вилояти Тошкент туманига электр энергиясини етказиб берувчи подстанцияда доимий таъмирлаш ишларини танқид қилган. Шунингдек, у вазирга Кремль ва "Газпром" билан боғлиқ вазифалардан вақтинчалик озод бўлиб, электр станциясига ташриф буюришни маслаҳат берган.

Ҳозирда бу масала юзасидан ҳуқуқий жараён якунланган деб ҳисобланади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.