Фарғонадаги портлаш: қурбонлар сони ошди, 5 киши қамоққа олинди

Улашиш:

Фарғона шаҳридаги газ қуйиш шохобчасида содир бўлган портлаш қурбонлари сони 4 нафарга етди. Улар орасида болалар ҳам бор. Яна уч киши шифохонада вафот этгани вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан тасдиқланди.

Ҳодиса ҳақида
17 декабрь куни соат 13:45 ларда Фарғона шаҳрининг Янгийўл маҳалласида жойлашган Petrolium газ қуйиш шохобчасида 5 м.кубли газ контейнерини тўлдириш жараёнида ёнғин ва портлаш содир бўлган. Ҳодиса газ сизиб чиқиши туфайли юзага келган.

Бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган, бир неча киши эса турли даражада тан жароҳати олган. Шифохонага ётқизилганлардан яна уч киши кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан ҳаётдан кўз юмган.

Тергов ҳаракатлари
Вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозиргача 5 нафар шахс қамоққа олинган, ҳолат юзасидан экспертизалар тайинланган ва тергов ишлари давом этмоқда.

Маҳаллий аҳолининг норозилиги
Kun.uz нашри билан суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакиллари шохобчанинг шаҳар ичида қурилишидан аввалоқ норозилик билдиришганини маълум қилишган. «Одамлар бу ерда заправка қурилмасин деб айтган. Лекин ҳеч ким уларнинг фикрига қулоқ солмаган», дейди ҳодиса гувоҳлари.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хулосаси
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари Аҳлиддин Алижоновнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 8 киши эса тиббиёт ходимлари назоратида қолмоқда.

Ҳодиса жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Шаҳар ичидаги хавфли объектларнинг жойлашувига яна бир бор жиддий эътибор қаратиш зарурати таъкидланмоқда.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.