Россиянинг Кемерово вилояти (Кузбасс) Белово шаҳридаги “Листвяжная” конида 25-ноябр куни юз берган авария оқибатида 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. 25-ноябр оқшомида расмийлар 52 киши — 46 нафар кончи ва 6 нафар қутқарувчи ҳалок бўлганини эълон қилди. Улар орасида шахтадаги ёнғиндан кейин ер юзасига чиқмаган 35 нафар кон ишчиси бор. Воқеа содир бўлган пайтда конда жами 285 нафар ишчи бўлган, деб ёзади Медуза.
26-ноябр куни Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Александр Чуприян шахтада омон қолган бир киши топилгани ҳақида хабар берди: вазир дастлаб бу одам ўлган деб тахмин қилинган кончи эканини айтди, бироқ кейинроқ у кончиларни қидириш вақтида ғойиб бўлган қутқарувчи эканлиги маълум бўлди. Маш Сибериа нашрига кўра, бу одам бошқа қутқарувчиларнинг олдига ўзи борган, у ҳушида, лекин шок ҳолатида бўлган. У касалхонага ётқизилган.
Аксарият қурбонларнинг жасадлари шахтада қолмоқда — газ портлаши хавфи туфайли қидирув ишлари тўхтатилган. Россия ФВВнинг маълум қилишича, ер юзасига чиқмаган кончилар ва қутқарувчиларнинг кислород етишмаслиги, зарарли газларнинг юқори концентратсияси шароитида шахтада омон қолмагани тахмин қилинмоқда. “Тери тешикларига сўрилган углерод оксиди кондаги ишчилар учун жуда хавфли. Ҳатто тайёргарликдан ўтган қутқарувчилар ҳам (бундай шароитларда) ўзини ёмон ҳис қилади”, — деган Кемерово ҳарбийлаштирилган кон қутқарув отряди командири Юрий Ше. Одамлар ис газидан бўғилиб қолган, дейилади Беловский шаҳар округи маъмуриятининг хабарида.
Конда юз берган авария оқибатида 64 киши, жумладан, қидирув ишларида иштирок этган 12 нафар қутқарувчи жароҳат олди. Жабрланганларнинг аксарияти — 50 киши касалхонага ётқизилган, қолганлари амбулатор даволанишга юборилган, дея хабар берган вилоят Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Жабрланганларга ёнувчи маҳсулотлар ва ис газидан заҳарланиш, бир нафар қутқарувчига эса бош жароҳати ташхиси қўйилган. Беморларда, жумладан, реанимацияга ётқизилганларда ҳам тикланишнинг ижобий динамикаси кузатилмоқда, дея таъкидлади вилоят СВВ вакили. 26-ноябр тонги ҳолатига кўра, жароҳатланган уч нафар кончи ва бир нафар қутқарувчи реанимацияда.
Шахтадаги авария “метан-ҳаво аралашмасининг портлаши” туфайли юз берган, дея хабар берган Кузбасс раҳбари Сергей Сивилев. “Катта эҳтимол билан метан портлаган бўлиши мумкин, портлаш ва динамик зарба учқун тушиши оқибатида юз берган. У ташқарига чиқишга улгурмаган одамларни карахт қилган”, — деди Россия Федерацияси Бош прокурори ўринбосари Дмитрий Демешин. Россия ФВВ раҳбари Александр Чуприян ва Кузбасс губернатори журналистларга кондаги иккинчи портлаш ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар тўғрисида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтган.
Воқеа содир бўлгунга қадар конда метаннинг рухсат этилган максимал концентратсиясидан ошиб кетиши қайд этилмаган, деди “ТАСС”нинг Россия техник назорат органларидаги манбаси. “Махсус қурилмалар буни қайд этмаган. Эҳтимол, тўсатдан отилиб чиқиш юз бергандир”, — деди содир бўлган воқеанинг бир нечта версиялари кўриб чиқилаётганини таъкидлаган агентлик суҳбатдоши.
2021-йилда “Ростехнадзор” қонунбузарликлар туфайли “Листвяжная” конининг айрим участкалари ишини тўққиз марта тўхтатган, дея маълум қилди муассасанинг расмий вакили Андрей Вил. Унинг сўзларига кўра, “Ростехнадзор” (Атроф-муҳит, технологик ва ядро назорати федерал хизмати) мутахассислари йил бошидан буён коннинг турли участкаларида ҳаммаси бўлиб 127 та текширув ўтказган, 914 та қоидабузарликларни аниқлаган ва “Листвяжная”га тўрт миллион рублдан ортиқ (53 минг АҚШ долларидан зиёд) жарима солган.
Ҳалок бўлган кончилардан бирининг рафиқаси журналистларга авариядан 10 кун олдин, 15-ноябр куни шахтада ёнғин содир бўлганини билдирди. “Ўн бешинчи ноябрда улар ҳушини йўқотмаган, шахтадаги ёнғинни ўзлари ўчиришган”, — деди аёл. У шунингдек, турмуш ўртоғи кондаги метан даражаси “меъёрдан ортиқ” эканлигини айтгани ҳақида гапирган.
Россия Тергов қўмитаси “Ростехнадзор” ходимларига қарши “одамларнинг ўлимига олиб келган эҳтийоцизлик” бўйича жиноий иш қўзғатди. Муассасанинг Беловский ҳудудий бошқармасидаги икки бош давлат инспектори воқеа содир бўлишидан бир ҳафта олдин, 25-ноябр куни одамлар ҳалок бўлган жойнинг вентиляция штрекини текширгани тўғрисида далолатномалар тузган. Аммо улар аслида ҳеч қандай текширув ўтказмаганликда гумон қилинмоқда. Тергов қўмитаси уларни ҳибсга олиш учун судга мурожаат қилади.
Аввалроқ Тергов қўмитаси хавфли ишлаб чиқариш обектларининг саноат хавфсизлиги талабларини бузиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган эди. Мазкур иш доирасида кон директори, унинг ўринбосари ва участка бошлиғи қўлга олинган. Тергов маълумотларига кўра, йўл қўйилган қоидабузарликлар туфайли “газ-динамик ҳодисаси юз берган, 4-сонли участканинг вентиляция штрекида тутун тарқала бошлаган, натижада шахтада бўлган ишчилар бўғилиб қолган”. Тергов қўмитаси қўлга олинганларни қамашни сўрамоқда.
Кон эгаси ҳалок бўлганларнинг оилаларига икки миллион рублдан (26 минг доллар) тўлашга ваъда берди. “СДС-Угол” компанияси қурбонларнинг оила аъзолари бу пулларни қонунда белгиланган тўловларга қўшимча равишда олишини маълум қилди. Компания, шунингдек, ҳар бир жабрланувчига қўшимча тўловлар юборишга қарор қилди, “лекин унинг миқдори ҳар бир шахснинг жароҳати даражасига қараб белгиланади”. Ижтимоий суғурта фонди конда ҳалок бўлганларнинг яқинларига “имкон қадар тезроқ” ҳар бирига бир миллион рублдан (13 минг доллар) тўлашини маълум қилди. Минтақавий ҳокимият жабрланган кончилар ва кон қутқарувчиларга, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатишни ваъда қилмоқда (тўловлар миқдорига аниқлик киритилмаган). Россия президенти Владимир Путин Кузбассдаги конда ишлаган олти нафар қутқарувчини “Жасорат” ордени билан тақдирлаш ҳақидаги фармонни имзолади: улардан беш нафари вафот этган.
“Листвяжная”даги портлаш сўнгги 11 йил ичида Россия конларида содир бўлган энг йирик авария бўлди — 2010-йилда “Распадская” конида 91 киши ҳалок бўлганди. “Листвяжная” конида бундан аввалги йирик авария 2004-йил 28-октябрьда содир бўлган, ўшанда метан портлаши натижасида 13 киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг корхонанинг 9 нафар ходими шартли жазога ҳукм қилинган.