Жиззах давлат педагогика университетида “Математикани ўқитиш методикаси” кафедраси доценти, кўп йиллик тажрибага эга, фидокор педагог Абдуманнон Алишевнинг 75 ёшлик юбилейи муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Меҳнатсевар устоз, етук олим, инсонпарвар ва донишманд тарбиячи Абдуманнон Алишев 1950 йилда Жиззах шаҳридаги “Хайрабод” маҳаласида туғилган. У 1975 йил 18 сентябрдан буён, яъни 50 йилдирки, Жиззах давлат педагогика институтида (ҳозирги университетда) фаолият юритиб келмоқда.
Тадбир Жиззах давлат педагогика университети Математика ва информатика факультетида бўлиб ўтди. Унда профессор-ўқитувчилар, устознинг собиқ ва амалдаги шогирдлари, университет ходимлари ҳамда зиёлилар иштирок этишди.
Тантанали маросим аввалида университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ғайрат Қодиров тантана иштирокчиларига университет ректори, профессор Шавкат Шарипов томонидан йўлланган самимий табрик сўзини ўқиб эшиттирди. Шунингдек, тадбир қатнашчилари устозни муборак ёши билан самимий табриклашди.
Тадбир давомида сўзга чиққан ҳамкасблар, сафдошлар ва шогирдлар устознинг инсонпарварлиги, касбига садоқати, изчил меҳнатсеварлиги ва юқори маънавий фазилатларини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Юбилей муносабати билан университет касаба уюшмалари қўмитаси томонидан тайёрланган зарбоф тўн ҳамда эсдалик совғалар факультет жамоаси иштирокида тантанали равишда тақдим этилди.
Абдуманнон Алишев нафақат ўз соҳасининг етук мутахассиси, балки бутун фаолияти давомида кўплаб шогирдлар тарбиялаган, устозлик сийрати билан ҳам юксак ҳурматга сазовор шахс сифатида университет тарихида ўчмас из қолдириб келмоқда.