Тупроқ тузи / Cув формуласи

Улашиш:

UzTREND жамоаси ўзининг янги мультимедиа лойиҳасини бошламоқда. “Тупроқ тузи” деб одатда  инсоният жамиятининг етук вакиллари, энг сара инсонларига айтилади. Гарчи биз том маънода дунё ва Ўзбекистондаги тупроқлар шўрланиши ҳақида ҳам гапирсак-да, бир нечта инсонлар билан сиз лойиҳа саҳифалари орқали танишасиз. Иқлим ўзгариши мавзуси бу қаҳрамонларимиз учун “телевизорда сўз юритиладиган ва интернетда ёзиладиган” одатий мавзулардан бири” эмас, балки улар аллақачон дуч келишлари керак бўлган мавзудир. Бу инсонлар – ҳудудларда сувни тежаш муаммоларини ҳал этишга интилаётган олимлар, кўп асрлик турмуш тарзи ва деҳқончилик услубини ўзгартириб, янги технологияларни жорий этган фермерлардир. Булар илк экологик қочоқлар ҳамдир, чунки глобал иқлим ўзгариши янги муаммолар – очлик ва қашшоқликни келтириб чиқаради.

“Сув формуласи”. Биз келажак томон нигоҳ  ташлашга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, сиз билан бизда мавжуд бўлмаслиги лозим бир қатор саволларга ҳам тўхталиб ўтамиз. Йўл қидирамиз ва сувни тежовчи технологиялар ҳақида, Ўзбекистонда аллақачон улардан фойдаланаётган ёки ишлаб чиқаришни йўлга қўйган фермерлар ва IT мутахассислари билан суҳбатлашамиз.

“Одамларни ҳалок этувчи ...эмас” – бу сув сифати, шунингдек, уни тежаш зарурати ва усуллари ҳақидаги алоҳида мавзу.

“Катта шаҳардаги сув” – келинг, тарихга саёҳат қилайлик. Сиз ариқ-оқсоқолларининг кимлиги, купон бўйича сув (бир челак учун 2 тийин) сотиб олингани ва большевиклар ҳокимият тепасига келганидан сўнг сувдан фойдаланишда қандай қилиб ...шариат меъёрлари татбиқ этилгани ҳақида билиб оласиз. Шунингдек, рус ва ҳинд (шунақаси ҳам бўлган!) дарёларини минтақамизга қуйиш бўйича тузилган лойиҳаларни ҳам эслаб ўтамиз. Айтганча, улар орасида Сибирь версияси ҳали-ҳануз ўз долзарблигини йўқотмаган. Ва албатта биз халқаро тажрибага ҳам мурожаат қиламиз.

Хуллас, сизни кўплаб қизиқарли янгиликлар кутмоқда. Ушбу мавзуга оид материаллар тўпланиб боргани сари, секин-асталик билан сиз ўқиётган матн остида барча блок ва ҳикоялар бўйича осон бошқариладиган бош саҳифа пайдо бўлади. Шундай қилиб, қани кетдик, тўғрироғи, “олға!”

 

БИРИНЧИ ҲИКОЯ

“Сўнгги томчи сув”ни асраб қолиш.


“Сув таҳликаси” ёки бу нима учун муҳим?

Қазилма бойликлар чексиз эмас. Буни ҳамма билади. Иқлим ўзгариши инсониятни жар ёқасига олиб келиши мумкин.

Сайёрамиз аҳолисининг қарийб учдан бир қисми (бу икки миллиарддан ортиқ киши, демак) сув танқислигини бошдан кечирадиган мамлакатларда, 700 миллиондан кўпроқ киши эса (дунё аҳолисининг 10 фоизи) сув танқислиги кескин бўлган мамлакатларда яшайди.

Сув танқислиги даражасини ўлчаш учун мутахассислар сув ресурсларига босим кўрсатиш даражаси ёки “сув таҳликаси” каби кўрсаткичдан фойдаланади. Мутахассислар сув йиғилишининг фоиз нисбатини унинг реал захираларига кўра ҳисоблаб чиқарадилар.

БМТ маълумотларига қараганда, Ўзбекистоннинг бугунги кундаги сувдан фойдаланиш кўрсаткичи оғир аҳволга келиб қолган.

Биз заруратимиздан кўра кўпроқ сув ишлатамиз. Ўзбекистондаги сув ресурслари босим даражаси унинг захираларига нисбатан 169 фоизни ташкил қилади.


“Биз сувнинг қадрини қудуқ қуриганидагина биламиз”

Бенжамин Франклин

Америкалик сиёсатчи ва илмий арбоб.

Тўғрисини айтсам, бу иборани аввал ҳеч қачон эшитмагандим. Анчайин машҳур “Вақт бу - пул” сўзларини айтган таниқли олим ва сиёсатчи 100 долларлик қоғоз пулдан бизга боқиб туради. Сув ва қудуқ ҳақидаги иқтибосни мен илк бор Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси бўйича (эҳтимол, бутун дунё бўйича) ҲАММА НАРСАНИ БИЛАДИГАН инсон – Вадим Соколовдан эшитдим. Чунки у иш фаолияти юзасидан кўплаб мамлакатларда бўлган. Қайсидир маънода Вадим Ильични лойиҳамиз устози деб аташимиз ҳам мумкин. У (унинг фикрлари, подкастлари, иқтибослари ва бошқалар) лойиҳамизнинг деярли барча қисмларида пайдо бўлади. Ушбу “Сув формуласи” (биринчи ва кириш қисми)да у Марказий Осиёдаги сув инқирози қандай бошлангани ва ҳозирда қолган озгина қисмни биз ва фарзандларимиз учун сақлаб қолиш бўйича нима ишлар қилинаётгани ҳақида сўз юритади.

НИМА БЎЛДИ?  Тахминан 68,9 минг квадрат метрлик сув юзаси ва 1080 куб.метр хажмга эга Орол денгизи 1960-йилларнинг ўрталаригача иқлимни тартибга солувчи сув омбори бўлиб хизмат қилган ва Марказий Осиё минтақасида об-ҳавонинг кескин ўзгаришларини юмшатиб турган. Оролбўйи ҳудуди ўзига хос хилма-хил ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эга эди. Биргина сайғоқлар сони 1 миллион бошга етган, флорик таркиб 638 турдаги сархил ўсимликлардан иборат эди. 1960-йилларгача Орол йилига 40 минг тоннагача (асосан сазан, шунингдек осетра ҳам) овлаш имкониятга эга минтақадаги энг йирик балиқчилик сув омбори эди.

Демак, Ғарбий Орол денгизини сақлаб қолиш – бугунги кунда Ўзбекистон олдида турган асосий вазифалардан биридир. Сув сатҳи ҳар куни минтақадаги ягона автоматлаштирилган станция орқали ўлчаб борилади. 2009 йилдан буён у 7 ярим метрга тушиб кетди ва афсуски, пасайишда давом этмоқда.

2018-йилдан буён Оролбўйи ҳудуди бўйича тўртта давлат дастури ишга туширилди. Дарвоқе, 2016-йилгача вилоятга йилига 25 миллион доллардан ортиқ бўлмаган сармоя киритилган (ҳозир - 400 миллион доллар). Вадим Соколовнинг сўзларига кўра, фақат транспорт инфратузилмаси ва Қорақалпоғистоннинг бутун суғориш тизимини тиклаш учун 2,5 миллиард доллар сармоя керак бўлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.