ТУПРОҚ ТУЗИ / СУВ ФОРМУЛАСИ / БЕШИНЧИ ҲИКОЯ

Улашиш:

«Тупроқ тузи / Сув формуласи» лойиҳасини якунлаш арафасида биз назариядан (муаммонинг бугунги кунда мавжуд бўлган тавсифи) амалиётга ўтмоқдамиз: СУВНИ ҚАЕРДАН ОЛИШИМИЗ МУМКИН? Ёдингизда бўлса, тўртинчи ҳикояда биз уни ер остидан қидирган эдик, бу сафар эса сув учун… осмонга йўл оламиз. Чунки сувни ҳатто ҳаводан ҳам олиш мумкин. Лекин аввал унинг импорти ҳақида гаплашайлик.  

Минтақадаги сув муаммосига оз бўлса-да қизиққан ҳар бир киши Совет Иттифоқининг Сибирь дарёларини Марказий Осиёга (ўша пайтларда “Ўрта Осиё” дейиларди) келтириш лойиҳаси ҳақида билади. Бу ҳақда ҳозиргача ёзиб келишади. Биз бу ҳақда гапириб ўтирмаймиз – ушбу маълумотни интернетдан топиш мумкин. Фақат эслатиб ўтамиз, Обь дарёсидан келадиган “Сибирь-Марказий Осиё” каналининг узунлиги 2550 км, кенглиги 130-300 метр ва чуқурлиги 15 метр бўлиши лойиҳалаштирилган ва унда кемалар сузиши керак эди (Тюменда кемага ўтирдингу …Ўзбекистонга сузиб келдинг!)! Бу орада иккинчи канал – Иртишни Қозоғистон орқали қайтариб, Амударё ва Сирдарёга қуйишни ҳам режалаштирган эдилар. Аслида, ушбу мегалойиҳанинг асосий мақсади ҳам  икки дарёни тўлдиришдан иборат эди. Сувнинг бир қисми эса Россиянинг Тюмень ва Қўрғон вилоятлари, Қозоғистоннинг шимолий ва марказий ҳудудлари истеъмоли учун ишлатилиши кўзда тутилган эди. Шуни тан олиб айтишим мумкинки, журналистикадаги 25 йиллик фаолиятим давомида биринчи марта “куб километр” ёки км3 атамасидан фойдаланяпман.

Нима бўлганда ҳам, лойиҳанинг нафақат тарафдорлари, шунингдек мухолифлари ҳам бор эди. Натижада, у ёпилди. Бу 1986 йилнинг 14 августида  сиёсий бюронинг Москвадаги йиғилишида содир бўлди. Шимолий дарёларни жанубга йўналтириш ғояси унутилди. Аммо узоқ вақтга эмас…. ИФАС агентлиги раҳбари Вадим Соколов ҳикоя қилади.

Шундай бўлишига қарамай, Вадим Соколовнинг сўзларига кўра, Россия яқин келажакда IFASга (Орол денгизини қутқариш халқаро жамғармаси) қайтиши мумкин ва баъзи бир, жумладан, сувни тежаш билан боғлиқ лойиҳаларда иштирок этишга тайёр. Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, Россия Федерацияси ва Қозоғистоннинг айрим ҳудудлари сув ўтказиш лойиҳасининг қайта тикланишидан манфаатдордир. Бизга келсак, мутахассислар яқин 25-30 йил ичида Ўзбекистонга ташқаридан сув олиб келиниши лозим деб ҳисоблайдилар.

Илгари таклиф қилинган — Ҳинд дарёсини буриш (Хитойдан бошланиб, Ҳиндистон ва Покистон ҳудудлари орқали оқиб ўтади) лойиҳасини улар маъносиз ва амалга ошириб бўлмайди деб ҳисоблайдилар. Биздан жануброқда жойлашган мамлакатлар ва одамларнинг бугунги кунда ўзига хос муаммолари етарли.

Хўш, Каспий ҳақида нима дейиш мумкин? Ҳатто бу соҳадан узоқ одам ҳам харитага қараб, ”Мана-ку, муаммонинг ечими, шундоққина бурнимизнинг тагида турибди! Сибирга қараганда яқинроқ ҳам!” дейиши мумкин. Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва сайёрамиздаги бу энг катта дренажсиз сув омбори қирғоқларини “бор-йўғи” 700 километр ажратиб туради. Бу имконият ҳам кўриб чиқилган. Бундан ташқари, денгиз сувини чучук сувга айлантириш технологиялари узоқ вақтдан бери мавжуд. Каспий денгизининг шўрлик даражаси, албатта, дунё океанига етолмайди, шунингдек, унинг суви чучук ҳам эмас.

Яна битта муаммо бор. Каспий денгизи сатҳи 28 метрга паст, Орол денгизи эса денгиз сатҳидан 53 метрга баланд эди (Дунё уммони юзасининг ўртача даражаси). Бугунги Ғарбий Орол +20 метрга эга. Фарқ тахминан 48 метрни ташкил қилади. Устюрт платосига борадиган йўлда – яна 100 метр. Шунинг учун Каспий денгизидан сувни насос орқали тортиш керак бўлади. Бу эса жиддий капитал қўйилмалар ва электр энергиясини талаб қилади. Яна шўрсизлантириш мавзусига қайтсак: замонавий Орол сувининг минераллашув даражаси 180 г/л.(аслида, нефть сув эмас), Каспий суви 30г/л. Иккинчиси бизнинг сувни бироз “суюлтиради”, аммо шўрсизлантириш учун яна маблағ ва электр керак бўлади…

Осмонга чиққим келади ёки саҳродаги қор

 Глобал иқлим ўзгариши йил давомида ёғадиган ёғингарчилик миқдорига ҳам таъсир кўрсатди. Ёмғир камдан-кам учрайдиган ҳодисага айланди, қорли қиш эса, масалан, Тошкентда  тахминан 20-30 йил ичида ўтмишда қолди. Ҳозирги замон болалари мактабдан кейин  қорли тепаликларда чанада учганларимиз ёки хоккей ўйинлари ҳақидаги ҳикояларимизни эртак каби қабул қилишади.

— Чиндан ҳам дарсдан кейин ҳар куни Чимёнга борганмидингиз? – деб сўрайди синфдошимнинг ўғли ва “қишки спорт турлари”, шунингдек, йўлдан ўтаётган машиналарнинг бамперига осилиб сирпаниш билан биз шундоққина ҳовлида шуғулланганимизга ишонолмади.

Графиканинг пастки қисмида ёғингарчилик чизиқлар мисолида кўрсатилган. Ҳар бир рангли чизиқ йил давомида ёққан ёғингарчиликнинг умумий миқдорини ифодалайди: ёғингарчилик мўлроқ — яшил, қуруқроқ – жигарранг.

Қадим замонлардан бери кўплаб халқларда қурғоқчилик пайтлари ёмғирни чақириш маросимлари бўлган. Аммо биз 21-асрда яшаяпмиз ва “чилдирмалар билан рақсга тушиш” бизга ярашмайди. Биз ҳозир қисқача сўз юритажак илмий усуллар ва технологиялар эса бизга мос келади.

Подкаст  ўзбек тилига қисқача таржима:

Сувга эга бўлишнинг иккинчи усули – ёғингарчиликни стимуллаштириш. Бу технология ҳақиқатан ҳам ишлайди. Унинг иккита усули бор. Биринчиси, булутларга юбориладиган кимёвий реагентлар ёрдамида. Иккинчиси – электромагнит технологиялар, атмосферани ионлаштириш. Совуқ ва илиқ ҳаво массалари бир-бирига тортилиб тўқнашганда, ёмғир ёки момақалдироқ бошланади.

Сўнгги йилларда Саудия Арабистонида қор ёғди. Бу шундай ишларнинг натижасидир. БАА компаниялари бизга ушбу технологиядан фойдаланишни таклиф қилмоқдалар. Аммо атроф-муҳитга таъсирини синаб кўриш масаласи ҳам бор. Бу яқин-атрофдаги ҳудудларга қандай таъсир қилиши мумкин?


Шунингдек, ҳаводан сув олиш технологиялари ҳам мавжуд. Унинг бир кубометрининг ўзида, ҳатто қурғоқчил ҳудудларда ҳам 6 дан 10 граммгача сув бор. Маълумки, оддий бир кондиционер кунига тахминан 1,5 литр конденсат “ишлаб чиқаради”. Хонадон ёки офисга ўрнатиш мумкин бўлган махсус қурилма кунига 15 литргача тоза ичимлик сувини конденсация қилиши мумкин. Аммо бундай қурилмалар арзон эмас, нархи тахминан 30 000 доллар ва жуда кўп электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин биз биламизки, техника тараққиёти ривожланмоқда. Технологиялар арзонлашади ҳамда вақт ўтиши билан уларни сотиб олиш осон бўлиб қолади.

2021 йилнинг май ойида Бухорода кунига 900 литрга яқин тоза ичимлик суви ишлаб чиқариш қувватига эга генератор пайдо бўлди. Жорий йилнинг июнь ойида Қорақалпоғистонда ҳам шундай генератор тест режимида ишга туширилган эди. У ичимлик суви мавжуд бўлмаган ҳамда сув етказиб бериш анча қиммат жойларда ишлашга мослаштирилган. “Aıraqua” қурилмаси еттита тозалаш филтрига эга бўлиб, кунига 12 литрдан 30 литргача ичимлик суви ишлаб чиқаришга қодир, шу билан бирга, катта электр энергиясини талаб қилмайди.


Лойиҳамизнинг якуний қисмида келажакда сув танқислиги нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида гапирамиз.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.