ТУПРОҚ ТУЗИ / СУВ ФОРМУЛАСИ. Тўртинчи ҳикоя

Улашиш:

Ўзбекистон аҳолисининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш кўрсаткичи атиги 73 фоизни ташкил этади. Аммо бу кўрсаткич гўёки касалхона палатасидаги беморларнинг ўртача ҳароратига ўхшайди: кимдадир 36.6, кимдадир эса 40 дан юқори. Чунки катта шаҳарларда ичимлик суви кўрсаткичи 90 фоизга етиши мумкин. Лекин, масалан, Қорақалпоғистонда бу атиги 30 фоизни ташкил этади (иккинчи ҳикоямиздаги Мўйноқ ҳақидаги видеомизни кўринг). 

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизнинг энг қурғоқчил ҳудудларидан бири – Қашқадарё вилоятида 2020 йили аҳолининг 50 фоизи тоза сув билан таъминланган. Вилоятнинг туман марказларидан бири Косон шаҳрида – 26 фоиз, Деҳқонободда эса атиги 4 фоиз. Энг қийини, албатта, қишлоқ аҳолиси учундир.  

 ҚАШҚАДАРЁЛИК ҚУДУҚЧИ

 Абдуқодир Бердиев умрининг ярмини қудуқ қазиш билан кечирди. Қазган қудуқлари, қайта тиклаганлари, таъмирлаганлари (буни ҳар 5-6 йилда бир марта қилишига тўғри келади)нинг сон-саноғи йўқ. Унинг эсида ҳам қолмаган. Саккиз фарзанднинг отаси ўз касби билан фахрланади. Сув ҳаётдир аслида ва Абдуқодир ушбу ҳаёт сувини маҳаллий аҳоли уйларига олиб келмоқда. Бу осон иш эмас ва уни ҳамма ҳам қилолмайди. Мухбиримиз Гулчеҳра Хурсандова қудуқчи Бердиевни Қашқадарё вилоятидаги қишлоқлардан бирида - ишлаётган жойидан топди. 

 

Қишлоқ одамлари сувни қудуқ ёки махсус қурилган ерости сувлари манбасидан ичишади. Агар яқин-атрофда сой бўлса, ундан ҳам яхши бўларди. Энг ёмони - сувни яна ўша - айнан суғориш каналидан олишади. Уни сўнгра фильтрлашади, қайнатишади...

Зарурий аниқлик: бизнинг бугунги ҳикоямиз қаҳрамони қазиётган қудуқлардан фақатгина ерости сувларигина сизиб чиқади. Бундан-да чуқурроқда жойлашган артезиан сувлари ҳам бор.

  “ЕРГА КИРСАНГ ҚУЛОҒИНГДАН...”

Мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ҳиссаси, асосан, ерости сувларига тўғри келади. Бу маълумот эътиборни тортувчи, аммо, афсуски, ёпиқ мавзу. Унга доир расмий маълумотлар, хариталар ва бошқаларда “Маъмурий фойдаланиш учун” ёрлиғи мавжуд. Бизга бу аҳоли хавфсизлиги ва саломатлигига боғлиқ бўлган стратегик ресурс дея тушунтирилди.

Якунда қуйидагиларни билиб олдик. Бугунги кунда Ўзбекистонда 96 та ерости сув манбалари мавжуд. Лекин улар жойлашувига кўра номувофиқ. Масалан, Қорақалпоғистонда бундай сув манбалари деярли йўқ. Борлари ҳам мамлакатнинг ушбу энг йирик минтақаси аҳолиси эҳтиёжларининг атиги 10 фоизини қондира олади, холос (шунинг учун у ерда сув таъминоти учун ерусти манбаларидан фойдаланилади).

 

Қашқадарёда фақат айрим шимолий худудларгина сув билан таъминланган. Қаршидан бошлаб, Бухоро томонларга қараб кетаркансиз, олимлар айтганидек, сув манбалари “камёб” худудлар бошланади. Сирдарё, Жиззах ва қисман Тошкент вилояти ҳам муаммоли ҳудудлардир. Сув ресурсларига бой Фарғона водийсида ҳам сув етишмовчилиги мавжуд жойлар бор. Шу билан бирга, бу ерларда йирик ерости сув конлари мавжуд. Чучук ерости сувларининг асосий захиралари асосан қуйидаги манзилларда тўпланган:

 

Тошкент (28,5%),

Самарқанд (13,7%),

Сурхондарё (13,1%),

Наманган (12,8%)

ва Андижон (12,3%) вилоятлари.

 

Бироқ, ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб ва 2017 йилгача уларнинг тасдиқланган захиралари ҳажми сезиларли даражада камайди (баъзи ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 30%га). Бу сувларнинг сифати ҳам анча ёмонлашган.

Охирги йигирма йилликда саноат ва қишлоқ хўжалигининг ривожланиши чучук ерости сувлари ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатди, бу эса уларнинг захираларининг сезиларли даражада қисқариши ва баъзи сув конларининг тугаб-битишига олиб келди. Бу, жумладан, сув иншоотларини ноқонуний равишда қуриш ва қудуқларни ўзбошимчалик билан бурғулаш натижасида содир бўлган.

Айнан шу 2017 йилда Геология ва минерал ресурслар вазирлиги барча артезиан қудуқларни қайта рўйхатдан ўтказди. Маълум бўлишича, 10 мингга яқин объектдан (бошқа манбаларга кўра -12 мингта) 40 фоизга яқини лойиҳасиз, рухсатсиз ва лицензиясиз қурилган (бошқа манбаларга кўра, қудуқларнинг 60 фоизида ерости сувларини назоратсиз тортиб олиш амалга оширилган).

Ҳозир, мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бу соҳада тартиб ўрнатилишига эришилди. Аммо статистик маълумотлар ҳалигача кенг омма учун мўлжалланмаган. Бундан ташқари, 2022 йил август ойида Давлат геология қўмитаси чучук ерости сувлари учун қудуқларни бурғулаш ва сувдан ўринли фойдаланишга рухсат бериш учун махсус мораторий жорий этишни таклиф қилган эди. Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда марказлашган ичимлик суви таъминотининг 67 фоизи ерости сувлари ҳисобига амалга оширилмоқда, бироқ айрим худудларда уларнинг даражаси 5 метр ва ундан кўпроққа пасайган.

P.S. Ўзбекистонда сув истеъмоли мамлакатдаги захирадан 69 фоизга кўп эканлигини инобатга олсак, бунинг йўлларини излаяпмиз. Қаердан олсак бўлади? Ҳаводанми ёки чет элданми? Ушбу мавзуда навбатдаги 5-ҳикоямиз орқали сўз юритамиз.

 

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.