ТУПРОҚ ТУЗИ / СУВ ФОРМУЛАСИ. Иккинчи ҳикоя

Улашиш:

 СУВ ОДАМЛАРНИ ЎЛДИРАДИ...

Башоратлар ва таҳдидлар. Эрталаб ювиниш учун сув жўмрагини очар эканмиз ёки чой, кофе қайната туриб, дунёда ичимлик суви захиралари чексиз эмаслиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Башоратларга кўра, 2030 йилга келиб, дунё аҳолисининг 47 фоизи сув танқислиги хавфи остида яшайди. Шу билан бирга, асримиз ўрталарига келиб, сув танқислигига дуч келадиган ривожланаётган мамлакатлар аҳолиси бирмунча ошади. 

2022 йилнинг август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 71,2 фоизни ташкил этади. Ҳукумат режасига кўра, 2026 йилда бу кўрсаткич 87 фоизга етказилиши керак. Бошқача қилиб айтганда, деярли барчамиз жўмракдан келадиган сувдан фойдаланамиз, аммо у сифатлими?

Environmental Performance Index (EPI) халқаро рейтинг агентлиги маълумотларига кўра, Марказий Осиёда 22 миллионга яқин аҳоли хавфсиз сув манбаига эга эмас. Ўзбекистон ичимлик сув сифати бўйича 180 мамлакат ичида 58-ўринни эгаллади. Умуман олганда, чакки эмас, шундай эмасми? Бу хабарни ОАВлари оммага тарқатди. Албатта, биз (Австрия ва Финляндия каби) етакчилар қаторида эмасмиз, шунингдек, аутсайдерлар билан орамиздаги масофа ҳам бирмунча узоқ. Қўшни мамлакатлар орасида фақатгина Қозоғистон (54-ўрин) рейтинг кўрсаткичларига кўра юқорироқдан ўрин олган. Туркманистон 76, Қирғизистон 78, Тожикистон 119, Афғонистон 125-ўринда. Аммо айни шу  EPIнинг глобал сув рейтингида биз сўнгги ўринлардамиз.

Тозароқ сув қаерда бор?  Турли шаҳар ва ҳудудларда сувнинг сифат ҳолати бир-биридан фарқ қилади. Тошкентликлар ўз соғлиқларидан хадиксирамай, сувни тўғридан-тўғри жўмракдан ичишларини фахрланиб сўзлаб келадилар. Қўқон энг ширин ва тоза сув айнан шу шаҳарда эканини айтиб, пойтахт билан баҳслашишга тайёр. Бу бир томондан. 

Бошқа томондан – 2021 йил декабрь ойида Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича Қашқадарё мамлакатимизнинг барча ҳудудлари орасида сўнгги ўринда эканини таъкидлаган эди. Бухоро, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва яна Қорақалпоғистонда бу борада муаммолар сақланиб қолмоқда. Мўйноқлик Зубайра Бойжигитова ҳикоя қилади:

КАТТА ШАҲАРДАГИ СУВ СОЛНОМАСИ

Лойиҳамиз аввалида ваъда қилганимиздек, биз Ўзбекистон пойтахтининг сув хўжалиги билан боғлиқ қисқача тарихий саёҳатга чиқамиз. 2005 йили Тошкентда машхур гидротехник Аброр Қодировнинг “Сув ва ахлоқ” китоби нашр этилди ва у дарҳол библиографик ноёб асарлар қаторидан ўрин олди. Унда келтириб ўтилган баъзи далиллар бизда қизиқиш уйғотди. 

Бобур рейтинги. Маълумки, саркарда, ҳукмдор ва шоир, мўғуллар салтанатига асос солган Темурийлар сулоласининг сўнгги вакили Захириддин Бобур ўзидан буюк ва ноёб қўлёзма – “Бобурнома”ни қолдирди. Асарда ўша даврлар шоҳ ва шоир яшаб ўтган бир қатор шаҳарларга (Андижон, Самарқанд, Шаҳрисабз, Тошкент, Кобул ва бошқалар) оид таъриф ва тавсифлар берилган. Бобур бу таърифларда, энг аввало, ариқларда тоза оқар сув мавжудлиги (ёки йўқлиги)га алоҳида аҳамият берган ва бу омилни маҳаллий аҳоли турмуш даражасининг муҳим кўрсаткичи деб ҳисоблаган.

“Айрилиқ азоби...”  Ҳинд тарихчиси Рангҳава эътироф этганидек, Бобур ҳамда Бобурийлар авлодининг Ҳиндистон тараққиётига қўшган буюк хизматларидан бири бу ўлкада боғу роғлар, истироҳат ҳудудларининг ривожлантирганидадир. Уларда сувга муҳим урғу берилган – ҳовузлар, фаввора ва каналлар барпо этилган. Аммо она-юртда қолган оқар ариқ сув соғинчи саркарда ва шоирни бир лаҳза ҳам тарк этмади. У ўзининг ғазалларидан бирида шундай деб ёзади: “Оқар сувнинг фироқидин кўзларимдан оқар сув...” 

Сув қудуғи бўлмаган шаҳар.  “Бобурнома”да айтилишича, ХV асрдаёқ Тошкент аҳолиси ариқ сувидан фойдаланган, тўғрироғи, орадан бир неча юз йиллар ўтгач, Тошкентни бир ой қамал қилганларидан сўнг, шаҳарга (1865 йилнинг май ойида) кириб борган чор Россияси қўшинлари ушбу манзарага гувоҳ бўлганлар. Аниқроқ айтадиган бўлсак, айнан шунинг учунгина улар тошкентликларни таслим бўлишга мажбур этдилар. Душман қамал пайтида шаҳарга кириб борувчи асосий ариқларни тўсиб қўйди. Ўша пайтда 100 мингга яқин аҳоли истиқомат қилган Тошкентда ерости сувлари чуқур жойлашгани сабабли  қудуқлари деярли йўқ бўлиб, захира сув тўпланадиган ҳовузлар эса бу пайтда бўшаб қолган эди. 

“Янги шаҳар”даги ариқлар. Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилганидан сўнг (1867)  “янги шаҳар” деб номланган Тошкентнинг рус қисми қурилиши бошланди.

Не ажабки, бу муҳандисларнинг ХХ асрдаги баъзи ҳамкасблари ақл борасида уларга тенг келолмагани маълум бўлди ва улар кўҳна, аммо жуда фойдали технологияларнинг аҳамиятини ҳисобга олишмади. 1975 йилда Совет Иттифоқининг йирик нашри “Литературная газета”да шундай мақола босилди. “Тошкент кундан-кунга ривожланиб, гўзаллашиб бормоқда. Шу билан бирга, акс тарзда, шаҳар мавзелари бирин-кетин чанг-тўзон ва жазирама ихтиёрига топшириляпти”. Мақоланинг давомида мухбир Б.Тюриков “Масаланинг моҳияти нимада? Менимча, ариқларда. “Тошкентбошқурилиш” қурувчилари Юнусободнинг барча янги турар-жой мавзеларини ариқ сувисиз қолдирди... Чилонзор, Қорақамиш туманларидаги ариқлар эса қуриб ётибди... Йўқотишларнинг аянчли рўйхати узун”. 

Оқсоқол-ариқлар.  Келинг, ХХ аср бошларига қайтайлик. Тошкентнинг бош ариқлари ва бутун сув тармоғига 28 та оқсоқол-ариқлар, мироблар ва иккита тўғон, шунингдек, шаҳарнинг янги қисми ҳам хизмат кўрсатган. У пайтлар сувга муқаддас неъмат каби қараларди. Шу ўринда “Сув – ёруғлик” деган халқ мақолини эслашимиз кифоя. 

Сув купонлари ва қувурли сув (водопровод).  Аброр Қодиров шундай ёзади: “Бахтга қарши, тошкентликлар орасида сувга бўлган ахлоқан пок ва ёрқин муносабат ўзгара бошлагани ҳақиқатдир. Бу жараёнда 30-йилларнинг бошида шаҳарнинг янги ҳудудида пайдо бўлган қувур суви (водопровод) ҳам маълум роль ўйнади”. 

Қувурли сув (водопровод) уруш бошланишидан олдин аввалига Тошкентнинг эски шаҳар қисмига келди, урушдан кейинги давр ва 50-йилларнинг бошларида маҳалла кўчалари ва боши берк тор кўчаларда ва ниҳоят, 60-70-йилларда кўплаб ҳовлиларга ўрнатила бошлади. 

Бизга маълумки, совет иқтисодиёти ва купон тизими ажралмас тушунчалар эди. Муаллиф бир тўда йигитлар билан қўлларида сув купонларини (бир челак учун 2 тийин) ушлаб, елкаларида сув челакларини ташишга хизмат қиладиган ёйлар билан сув будкалари томон шошилганларини хотирлайди. Сўнг соғинч билан ёзади: “Бизнинг боши берк узун кўчамизга сув келтирилгач, бу ерда яшовчи ўғил-қизларнинг сув ташиш каби вазифаси анча енгиллашди, аммо шўхлик билан оқаётган сув ариғи ва ҳовли ўртасидаги унча катта бўлмаган ҳовуз ўз моҳиятини йўқота бошлаган эди...” 

*** 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, маҳалла кўчасидаги қувурли сув (водопровод) бир пайтлар мўъжиза, техник тараққиёт рамзларидан бири, замонавий тилда айтадиган бўлсак, “янги технология” каби эди. Биз улар ҳақида лойиҳамизнинг учинчи ҳикоясида гаплашамиз. Унинг бош қаҳрамони энди шаҳарлик эмас, балки оддий бир деҳқондир. Ахир Ўзбекистонда барча сув ресурсларидан фойдаланишнинг 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигига тўғри келади-да!

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.