Билл Гейтс: «Невараларимиз қўрқинчли дунёда катта бўлиши мумкин»

Улашиш:

Америкалик миллиардер Билл Гейтс иқлим ўзгаришига қарши кураш учун технологияларни фаол равишда молиялаштириш зарурлигини, акс ҳолда кейинги авлод ҳозиргидан анча ёмонроқ дунёда ўсиб-улғайишини айтди. Бу ҳақда CNBC телеканали хабар бермоқда.

«Яқинда тўнғич қизим келаси йил катта ота бўлишим ҳақидаги янгиликни айтганидан кейин, дунёга бошқача кўз билан қарай бошладим. Энди мен келажак авлодга омон қолиш ва гуллаб-яшнаш имкониятига эга бўлиши учун ёрдам беришни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ хоҳлайман», — деб ёзди миллиардер ўз блогида.

Гейтснинг фикрича, 2050 йилга қадар инсоният глобал даражада иссиқхона газлари ажралиб чиқишини бартараф этиши керак.

«Экстремал об-ҳаво шароитлари аллақачон кўп азоб-уқубатларни етказмоқда, агар биз ажралмаларни нол даражагача туширмасак, невараларимиз ҳозиргидан анча ёмонроқ дунёда яшайди», — деди Microsoft асосчиларидан бири.

«Карбонат ангидрид ажралиб чиқишини нол даражагача тушириш инсоният учун энг мураккаб мақсадга айланади. Биз бутун иқтисодиётни тубдан ўзгартиришимиз керак, яъни ишларни бажариш, ҳаракатланиш, электр ишлаб чиқариш, озиқ-овқат етиштириш, иссиқлик ва салқинликни сақлаш тарзимизни яхшилашимиз керак ва буни 30 йилдан камроқ вақт ичида амалга оширишимиз керак», — деб ёзди Гейтс.

Миллиардернинг сўзларига кўра, яхши янгилик шундан иборатки, иқлим технологияларига инвестициялар у кутганидан зиёд бўлган, ёмон янгилик эса — иссиқхона газлари ажралиб чиқиши ўсиб бораётганидир.

2021 йилда Билл Гейтс яқин беш йил ичида иқлим ўзгаришига қарши курашиш лойиҳаси учун 2 миллиард доллар инвестиция киритиши маълум қилинган эди. Гейтснинг фикрига кўра, жаҳон саноати атом энергиясидан воз кечмаслиги керак, чунки қуёш ва шамол каби муқобил энергия манбалари глобал электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қондириш учун етарли эмас. Шунингдек, Гейтснинг атмосферадан карбонат ангидрид газини фильтрлаб олиш технологиясидан умиди катта.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.