Microsoft асосчиси Билл Гейтс унинг иштирокида коронавирус яратилгани ҳақидаги айбловларга муносабат билдирди. Миллиардер BBC билан суҳбатда бу ҳақда гапирди.
Билл Гейтс бундай айбловлардан ҳайратда қолганини айтиб, буни одамларнинг муаммода асосий айбдорни топиш истаги билан боғлади.
“Пандемия пайтида мен атайлаб коронавирус яраттирганим ва одамларни кузатаётганим ҳақида ўн миллионлаб хабарлар пайдо бўлди. Тўғри, менинг вакциналар билан боғлиқлигим бор, аммо одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун вакцинага алоқадорман”, — деди миллиардер.
Гейц одамлар пандемия тарқалишини тушуниш учун эмас, балки мураккаб муаммонинг оддий ечимини топиш учун кимнидир айблаётганини айтди.
“Менимча, одамлар парда ортида турган йиртқич ҳайвонни қидирмоқда. Бу жуда соддалаштирилган тушунтириш. Ёвуз ниятларни биологияга қараганда тушуниш анча осон”, — дея қўшимча қилди у.
Гейтс дунёда АҚШ президенти собиқ тиббий маслаҳатчиси Энтони Фаучидан ҳам машҳурроқ бўлгани учун айбловлар остида қолганини ҳазил қилди.