Рақамли маркетинг: бизнесни онлайн ривожлантириш йўллари
"Бизнесингиз интернетда йўқ—демак, у мавжуд эмас".
Тасаввур қилинг, сиз янги маҳсулот ёки хизматни ишга туширдингиз, аммо уни фақат дўстларингиз ва қўшниларингиз билади. Кунлар, ҳафталар ўтиб боради, лекин савдо ҳажми ниҳоятда секин. Бир кун бир танишингиз:
— Нега интернетда реклама қилмайсан? — дейди.
Сиз эса ҳайрон бўлиб: "Қандай қилиб? Қайси йўл билан?"
Шундан сўнг, рақамли маркетинг сирига кириб боришингиз бошланади:
- Facebook ва Instagram орқали мўлжалли аудиторияни жалб қилиш
- Google’да реклама бериб, сайтингизнинг кўринишини ошириш
- Telegram ва TikTok’да вирусли контент орқали мижозларни жалб қилиш
- SEO орқали органик равишда савдони ошириш
- E-mail маркетинг ёрдамида мижозларни узоқ муддатли шерикка айлантириш
Биз сизга рақамли маркетинг сирларини очамиз. Бизнесингизни онлайн ривожлантиришни хоҳлайсизми? Ҳозироқ ҳаракат бошланг!
Бу каби ҳитоблар сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилинмоқда. Бироқ яхши натижага ҳамма ҳам эришавермаслигининг сабаблари бор.
Рақамли маркетинг орқали муваффақиятга эришганлар ҳикояси
"Бир ғоя ва интернет – ҳаммаси шу билан бошланди!"
Шаҳзод 2018 йилда уйидан туриб кийимлар савдосини бошлади. Ундаги муаммо - дўкон йўқ, катта маблағ йўқ, ҳатто омбор ҳам йўқ эди. Бироқ унинг қўлида телефон ва интернет бор.
"Аввалига ҳамма танишларим кулишди: ‘Интернетда кийим сотиб бўлар экан-а?’" – деб эслайди у.
Шаҳзод аввал Telegram канал очди ва у ерга маҳаллий бозордан олган кийимларнинг суратларини жойлай бошлади. Биринчи ҳафтада атиги 3-4 та буюртма тушди, аммо у таслим бўлмади.
Рақамли маркетингга биринчи қадам
Шаҳзод Facebook ва Instagram’да реклама беришни ўрганди. У мижозларнинг қизиқишларини аниқлаб, аёллар ва эркаклар учун алоҳида рекламалар яратди. Унинг Telegram канали ҳам тез ўсди.
3 ой ўтиб, Шаҳзоднинг кунлик сотуви 50-100$ га чиқди.
Буюк ўзгариш – онлайн дўкон
Бир йилдан сўнг у расмий веб-сайт очди, автоматик буюртма қабул қилиш тизимини ишга туширди. Ҳозир унинг 50 000 дан ортиқ мижози бор ва у йилига 100 000$ га яқин даромад қилмоқда.
Ўзбекистонда рақамли маркетинг: муаммолар ва ечимлар
Рақамли маркетинг — бизнес учун имконият ёки муаммо?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақамли маркетинг тез суръатларда ривожланмоқда. Интернетдан фойдаланувчилар сони 2023 йилда 30 миллиондан ошди, ва бу рақамли платформалар орқали савдо қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Бироқ, бу соҳада қатор муаммолар ҳам мавжуд.
Муаммолар
Маркетинг билимларининг етишмаслиги
Кўпчилик тадбиркорлар рақамли маркетингни тарғибот ва реклама дебгина тушунади. Лекин:
- Аудиторияни аниқлашга эътибор берилмайди
- Контент маркетинг ва таргетинг ҳақида тушунча кам
- Маркетинг стратегиялари узоқ муддатли режага асосланмайди
Ечим: Онлайн курслар, маҳаллий тренинглар ва халқаро тажрибалардан ўрганиш. Масалан, Google ва Meta (Facebook) нинг Digital Garage, Blueprint каби платформалари тадбиркорлар учун бепул билим манбаидир.
Қонунчиликдаги ноаниқликлар ва чекловлар
Рақамли маркетинг Ўзбекистонда ҳали тўлиқ тартибга солинмаган. Масалан:
2022 йилда қабул қилинган "Реклама тўғрисида"ги қонун реклама материалларида ноқонуний контентни тақиқлайди, аммо интернетдаги маркетинг стратегиялари бўйича аниқ йўриқномалар кам.
Шахсий маълумотлар ҳимояси тўғрисидаги қонун (2019) – бу қонун мижозлар маълумотларини сақлашни чеклайди, лекин кўп тадбиркорлар буни билмайдилар.
Telegram, Instagram, TikTok орқали сотув – ҳали расмий ҳуқуқий мақомга эга эмас.
Ечим: Қонунчиликни ўрганиш, рақамли бизнес учун юридик маслаҳат олиш. Кўпчилик айтиши мумкин: “Қонунлар бизга халал беради!” Аслида эса, қонунларни билиш орқали жарималар ва ноқонуний фаолиятдан қочиш мумкин.
Норасмий ва ишончсиз маркетинг агентликлари
Бугунги кунда бозорда турли номлар остида ишлайдиган “таргетологлар” ва “SMM мутахассислари” кўпайган. Кўп ҳолларда:
- Ҳақиқий реклама натижалари тақдим этилмайди
- Мижозларга ваъда қилинадиган натижа ва реал ҳолат фарқ қилади
- Реклама бюджетлари шаффоф сарфланмайди
Ечим:
- Маркетинг мутахассисларидан сертификатлар талаб қилиш
- Хизматлар учун расмий шартнома имзолаш
- Агентликлар портфолиосини текшириш
Таргетинг ва реклама нархларининг ўсиши
Ҳозирда Facebook ва Instagram’да реклама харажатлари ошиб бормоқда. 2021-2024 йиллар давомида реклама нархлари камида 50-70% га ўсди. Бу эса кичик бизнес учун қийинчилик туғдирмоқда.
Ечим:
- Органик тарзда (SEO, блоглар, видеоконтент) аудитория тўплаш
- Influencer маркетинг орқали рекламага бюджет тежаш
- Махсус гуруҳлар ва жамоаларда реклама қилиш
Муттахассис шарҳи: Ўзбекистонда рақамли маркетингнинг имкониятлари ва чекловлари
Мутахассис: Муҳаммадали Эшонқулов –бизнес маслаҳатчиси
Сўнгги йилларда рақамли маркетинг жаҳон бизнеси учун энг муҳим воситалардан бирига айланди. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишга қизиқиш ошиб бормоқда, бироқ унинг ривожланишига бир қатор омиллар таъсир қилмоқда. Келинг, муаммолар ва имкониятларни бетараф позициядан таҳлил қиламиз.
Бозор ҳолати: рақамли маркетинг тенденциялари
Айни вақтда Ўзбекистонда интернет фойдаланувчиларининг сони 30 миллиондан ошган, бу эса рақамли каналлар орқали маҳсулот ва хизматларни тарғиб қилиш имкониятларини кенгайтиради. Бугунги кунда Facebook, Instagram ва Telegram асосий маркетинг майдонларига айланган. TikTok ҳам бизнес учун янги имкониятлар яратмоқда.
Статистика:
- Интернет фойдаланувчилар сони: 30 млн+
- Telegram фойдаланувчилари: 18 млн+
- Онлайн реклама бозори ҳажми: 50-70 млн $ (тахминий)
Шу билан бирга, рақамли маркетинг фақат реклама билан чекланмайди. Мижозлар билан ишлаш, бренд ишончини ошириш ва аудиторияни сақлаб қолиш муҳим аҳамиятга эга.
Интернет фирибгарлиги қандай кўринишларда учрамоқда?
Ёлғон онлайн-дўконлар ва алдов схемалари
Кўплаб одамлар Instagram, Telegram ва Facebook орқали маҳсулот сотиб олишда алданиб қолмоқда. Фирибгарлар:
- Ёлғон аккаунтлар очиб, арзон нархларда маҳсулот таклиф қилади
- Тўлов олгандан кейин йўқолиб қолади
- Товар сифати ҳақиқий рекламада кўрсатилганидан фарқ қилади
Реал мисол: 2025 йилда Навоий вилоятида интернет орқали озиқ-овқат ва кийим сотган фирибгарлар гуруҳи фош этилди. Улар Телеграмда 50% чегирма таклиф қилиб, юзлаб одамлардан пул йиғиб, уларни блоклаб қўйган.
Ёлғон SMM ва таргетинг хизматлари
Айрим мутахассислар ўзларини профессионал SMM ёки таргетинг мутахассиси деб таништириб, компаниялар ва тадбиркорлардан катта пул олиб, кутилган натижани бермайдилар.
Фирибгарлик схемаси:
- Мижоздан реклама ва таргетинг учун пул талаб қилинади
- Ёлғон натижалар кўрсатилади (ботлар, сунъий лайклар, сохта обуначилар)
- Мижоз кам ROI (Return on Investment – сармоя қайтиши) олганидан кейин улар билан боғланиш имконсиз бўлади
Фишинг ва шахсий маълумотларни ўғирлаш
Баъзи интернет фирибгарлари тўлов тизимлари ёки банк хизматлари номидан қалбаки сайтлар очиб, фойдаланувчиларнинг картаси ва шахсий маълумотларини ўғирлашга ҳаракат қилади.
Чеклов: Бундай ҳолатлар рақамли маркетингга нисбатан ишончни пасайтиради. Одамлар онлайн харидлардан қўрқа бошлайди, бу эса электрон тижорат ва онлайн маркетингни ривожлантиришни қийинлаштиради.
Рақамли маркетинг ривожланиши учун қандай чоралар кўриш керак?
1. Қонуний ҳимояни кучайтириш
Интернетда савдо билан шуғулланадиган барча компаниялар рўйхатдан ўтиши керак.
"Реклама тўғрисида"ги қонунга рақамли маркетинг билан боғлиқ аниқ тартиблар киритилиши лозим.
Таргетинг ва онлайн маркетинг хизматларини кўрсатадиган агентликлар фаолияти лицензияланиши мумкин.
2. ОАВ ва блогерлар орқали аҳолини хабардор қилиш
Ёлғон онлайн-дўконлар ва фирибгарлик ҳолатлари ҳақида кенгроқ маълумот бериш.
Онлайн харидларда қандай қилиб фирибгарликдан сақланишни ўргатиш.
3. Бизнесга ишончни ошириш
Ҳар бир онлайн дўкон ва маркетинг агентлиги учун расмий "верификация" тизимини жорий қилиш.
Кафолатли тўлов тизимларини ишга тушириш (масалан, пул фақат товар етказилгандан кейин ишлаб кетадиган тизимлар).
Хулоса
Интернет фирибгарлиги ҳақиқатан ҳам рақамли маркетинг ривожига тўсиқ бўлиши мумкин. Агар мижозлар онлайн тижоратга ишонмаса, маркетинг харажатлари кам самара беради. Шунинг учун бу соҳани қонунчилик, ОАВ орқали хабардорлик ва ишончли онлайн механизмлар ёрдамида мустаҳкамлаш зарур.
Рақамли маркетингнинг тўғри ривожланиши учун сифатли хизмат ва шаффофлик биринчи ўринда туриши керак!