Ибн Сино бел оғриғини олмалар билан даволагани ҳақидаги даъво – ёлғон

Улашиш:

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда “Ибн Сино бел оғриғи ва сурункали оғриқларни олмалар билан даволагани” ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Унда қуйидаги мазмунда фикр билдирилган:

"Агар бел оғриғи буйрак тошлари сабабли юзага келган бўлса, кунига 3–5 дона олмадан 3–4 маҳал ейиш керак. Бир ҳафтада оғриқлардан халос бўласиз."

Ҳукм: Ёлғон

Абу Али ибн Сино ўз асарларида олма ҳақида тўхталиб ўтган ва уни фойдали мева сифатида таърифлаган. Унинг “Тиб қонунлари” асарида олманинг қуйидаги хусусиятлари келтирилган:

  • ҳазм жараёнини енгиллаштиради;

  • организмни тозалайди;

  • иммунитетни мустаҳкамлайди;

  • холестерин миқдорини камайтиради;

  • енгил сийдик ҳайдовчи таъсирга эга.

Бундан ташқари, у олмани янги ҳолда, шунингдек компот, мураббо ва пастила шаклида истеъмол қилишни тавсия қилган. Бироқ у бел оғриғи ёки сурункали оғриқларни айнан олма ёрдамида даволаганини кўрсатувчи аниқ ва ишончли манбалар мавжуд эмас.

Бел ва сурункали оғриқлар учун мукаммал тиббий ёндашув керак

Бел оғриқлари турли сабабларга кўра юзага келиши мумкин: буйрак тошлари, остеохондроз, асаб сиқилиши ва бошқалар. Бундай ҳолатларда фақат парҳез ёки мева билан даволаниш етарли эмас. Комплекс даво чоралари талаб этилади:

  • тўлиқ тиббий кўрик ва ташхис;

  • врач тавсиясига асосланган дори воситалари;

  • физиотерапия ва зарур муолажалар.

Ибн Сино олмани фойдали деб баҳолаган, лекин уни бел ёки сурункали оғриқларни даволаш учун махсус тавсия қилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Шу сабабли, мазкур даъво ҳақиқатга тўғри келмайди ва нотўғри талқин ҳисобланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.