Вояга етмаганларни сўроқ қилиш вақти 4 соатга туширилмоқда

Улашиш:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган йиғлиши бўлиб ўтди. 

Унда “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати. 

Унга кўра, Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

 Хусусан, вояга етмаганларни жиноий жавобгарликка тортиш ёшини ўн уч ёшдан ўн тўрт ёшга кўтариш белгиланмоқда. Чунки жиноий жавобгарликнинг энг кичик ёшини белгилашда боланинг руҳий ҳамда ақлий ривожланиши ва албатта, унинг манфаатларини инобатга олиш лозим.

 Шунингдек, мазкур ҳужжатга асосан, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар, хусусан, ЖКнинг 128 ва 129-моддалари санкцияларини кучайтириш назарда тутиляпти. 

"Вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, шу жумладан болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар каби салбий ҳолатлар ошиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида белгиланган жазо чораларини янада кучайтиришни талаб этмоқда"-дейилади хабарда. 

Қонун лойиҳаси билан вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш мақсадида вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилиш (кун давомида) саккиз соатдан тўрт соатга туширилмоқда.

Қолаверса, вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи ёки айбланувчини сўроқ қилишда вояга етмаган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг илтимосига кўра психолог иштирок этиши билан боғлиқ янги нормалар киритилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.