Тарихий объектларга зарар етказганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади — Сенат

Улашиш:

Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни муҳокама қилинди.

Ҳужжатда моддий маданий мерос объектларини нобуд қилганлик, бузганлик ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, тарихий объектларга жуда кўп миқдорда зарар етказганликни ифодаловчи қилмишларни оғир жиноятлар тоифасига ўтказиш белгиланган.

Шунингдек, мазкур ҳолатларда дастлабки тергов ўтказишни прокуратура органларига юклаш, Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ижро этиш мажбурий бўлган кўрсатма ва тақдимномаларини белгиланган муддатда тўлиқ бажармаганлик учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилган.

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланган. Хусусан, тарихий объектларга жуда кўп миқдорда зарар етказганликни ифодаловчи қилмишлар учун 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Ялпи мажлисда ушбу қонунни қабул қилиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.