Холестерин миқдорини мунтазам назорат қилиш юрак касалликлари ва қон томирлари тиқилиб қолиш хавфини камайтиришга ёрдам беради. Юқори холестерин даражаси одатда ўзини ҳеч қандай намоён қилмайди ва аксарият ҳолларда фавқулодда вазиятлардагина бунга эътибор беришади, деб ёзади Daily Expess.
Организмдаги юқори холестериннинг энг кам маълум бўлган икки белгиси — бу бошнинг орқа қисмида, энсада тез-тез бош оғриғи ва қўл ёки оёқлардаги оғриқ. Medicover Hospitals клиникаси шифокорларининг фикрига кўра, бош оғриғи бош атрофидаги қон томирларининг тиқилиб қолишидан келиб чиқади:
«Бу қон томирлари холестерин моддалари билан тиқилиб қолганда содир бўлади. Aгар бу тўхтатилмаса, қон томирлари ёрилиб, инсультни келтириб чиқариши мумкин».
Шунингдек, холестерин тўпланиши оёқ ва қўллардаги қон томирларини тўсиб қўйиши ва вақти-вақти билан оғриқ ёки санчиқ ҳиссига сабаб бўлиши мумкин. Бу холестерин миқдори ҳалокатли даражада юқори эканлигидан далолат беради.
«Яхши холестерин» деб номланувчиси юқори зичликдаги липопротеин бўлгани учун шундай аталади. Улар қон томир деворларидан холестеринни йўқотиб, томирларни «тозалайди».
Ёмон холестерин эса томирлар деворларида тўпланиб, тиқин ҳосил қилиши, атеросклероз, тромбоз келтириб чиқариши, қон томирлари, юрак хуружларини қўзғатиши мумкин. Холестерин миқдорини аниқлашнинг ягона усули — қон таҳлили.
Британия юрак фонди (BHF) юқори холестериннинг олдини олиш учун тўйинган ёғ миқдори юқори бўлган маҳсулотлар: пирог, қовурилган таомлар, колбаса ва ёғли гўшт, сариёғдан сақланиш кераклигини айтди.
Бунинг ўрнига Ўрта ер денгизи услубидаги парҳезга амал қилиш, яъни дон, мева-сабзавот ва балиқни кўпроқ, гўштни эса камроқ истеъмол қилиш керак.