Туман ҳокими қарори ҳақиқий эмас деб топилди

Улашиш:

Аризачи “Sh.О.Z” фермер хўжалиги раҳбари “М.М” Жиззах туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, Шароф Рашидов туман ҳокимининг 2021 йил 5 апрелдаги 1073-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, “Sh.О.Z” фермер хўжалиги 2001 йил 12 декабрь куни ташкил этилиб, фермер хўжалиги туман (шаҳар) Рўйхатга олиш инспекциясидан 2013 йил 15 февралдаги 34-сонли реестр рақам билан қайта рўйхатдан ўтказилган.

Туман (шаҳар) ҳокимининг 2019 йил 4 февралдаги 2543-сонли қарори билан “Sh.О.Z” фермер хўжалигига туман захирасидаги, “К.К” массиви қишлоқ хўжалиги харитасининг 1ч-контуридан қўшимча жами 70,0 гектар лалми ер майдонини ғаллачилик йўналишида узоқ муддатга ижарага ажратиб берилган ва фермер хўжалигининг умумий ер майдони 1ч-контурдан жами 158,0 гектар, шундан 150,6 гектар лалми ва 0,6 гектар бошқа ерлари ташкил этиши қайд этилган.

Қарор асосида Шароф Рашидов туман ҳокимлиги билан “Sh.О.Z” фермер хўжалиги ўртасида 2019 йил 15 август куни ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилиб, туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан санаси ва рақами кўрсатилмасдан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шароф Рашидов туман адлия бўлимининг 2022 йил 14 июлдаги  1-14/15-711-сонли маълумотномасида “Sh.О.Z” фермер хўжалиги раҳбари “З.М” эканлиги қайд этилган.

Шароф Рашидов туман ҳокимининг 2021 йил 5 апрелдаги 1073-сонли қарори билан “Ғ”0020 ҚФЙ ҳудудидаги туман ҳокимлиги захира ерлар фонди ҳисобидан “Sh.О.Z” фермер хўжалигига ғаллачилик ихтисослиги бўйича ажратиб берилган ер майдонидан 1ч-контурдаги жами 100,0 гектар лалми ер майдони қисман туман ҳокими захирасига қайтариб олинган.

Қарор асосида туман ҳокимлиги билан “Sh.О.Z” фермер хўжалиги ўртасида ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилиб, 2021 йил 26 апрель куни 459-рақам билан туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимида рўйхатдан ўтказилган бўлса-да, шартнома фермер хўжалиги раҳбари томонидан имзоланмаган ва фермер хўжалиги муҳри билан тасдиқланмаган.

Шароф Рашидов туман ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддаси талаблари бузилган ҳолда, тингланиш имкониятининг мавжудлиги принципига амал қилинмасдан, 2021 йил 05 апрелдаги 1073-сонли қарорини қабул қилишда манфаатдор шахс “Sh.О.Z” фермер хўжалиги раҳбари “М.М”га маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳолатлар юзасидан ўз фикрини билдириш имконияти берилмаган ҳамда туман ҳокимлиги томонидан низоли қарорни қабул қилиниши тўғрисида хабардор қилинмаган.

Жиззах туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 21 июнда чиқарилган ҳал қилув қарори билан аризачининг талаби тўлиқ қаноатлантирилиб, Шароф Рашидов туман ҳокимининг 2021 йил 05 апрелдаги 1073-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган ҳамда қарорнинг ижроси тўғрисида судга ва аризачига бир ой ичида хабар қилиш мажбурияти туман (шаҳар) ҳокимлиги зиммасига юклатилган.

Мазкур маъмурий иш апелляция инстанцияси суди томонидан кўриб чиқилиб, биринчи инстанцияси судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

 

Шарофиддин Болиев

Жиззах вилоят маъмурий суди раиси в.в.б

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.