АКТ вазири Meta компанияси делегацияси билан учрашди

Улашиш:

23 сентябр куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Meta компаниясининг Хитой, Мўғулистон ва Марказий Осиёдаги давлат сиёсати бўйича бошқарувчи директори Жорж Чен билан учрашди.

Meta вакили билан Ўзбекистонда IT ва рақамли технологиялар соҳасида иқтидорли мутахассисларни тайёрлашда кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди. Жорж Чен Metaverse лойиҳаси доирасида қўшма тренинглар ўтказиш, инновацион ишланмаларни Ўзбекистонга жалб қилиш, миллий IT хизматларни экспорт қилиш имкониятлари бўйича таклифлар берди.

Учрашувда ёшлар орасида илғор IT технологиялардан фойдаланиш малака-кўникмасини шакллантириш ва такомиллаштириш бўйича масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Жорж Чен Марказий Осиёда биринчи марта Meta Blueprint — рақамли маркетинг бўйича махсус ўқитиш ва сертификатлаш дастури расман тайёр эканлигини билдирди. Мазкур дастур доирасида тингловчилар Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларида бизнес юритиш, реклама самарадорлигини ошириш методологиялари ва ушбу платформалар тизимининг ишлаш тамойиллари бўйича билим олишлари мумкин. Бундан ташқари, тадбиркор аёллар фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида, электрон тижорат платформалари имкониятлари бўйича ўқув-семинарларни ташкил қилиш имкониятлари мавжуд.

Шерзод Шерматов компания билан расмий ишлаш муҳимлигини қайд этиб, келгусида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.