OneWeb компанияси Ўзбекистон бозорига киришни режалаштирмоқда

Улашиш:

7 июнь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов OneWeb компаниясининг Бозорга кириш бўйича директори Иван Зайцевни қабул қилди.

Учрашувда, АКТ вазирлиги вакиллари билан бирга, «Ўзбеккосмос» агентлиги раҳбарлари ҳам иштирок этишган.

OneWeb дунёнинг кўплаб мамлакатларида йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда, компания вакилининг билдиришича, Ўзбекистонда ҳам шундай лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинган.

2022 йилнинг 16 май куни «Ўзбеккосмос» агентлиги ва компания ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланганди. Меморандумнинг асосий мақсади — Ўзбекистон бозорига OneWeb сунъий йўлдошли алоқа компаниясини жалб қилиш, шунингдек, компаниянинг геостационар бўлмаган сунъий йўлдошли алоқа тизими хизматлари билан боғлиқ бир қатор тадбирлар, шу жумладан, тартибга солиш масалаларини муҳокама қилиш ва OneWeb сунъий йўлдошларидан фойдаланиш учун давлатнинг асосий эҳтиёжларини аниқлашдан иборат.

Бугунги учрашувда ҳам компания томонидан ҳудудлар ва олис қишлоқ аҳоли масканларини, иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги корхоналарни OneWeb алоқа сунъий йўлдошлари орқали юқори тезликдаги кенг полосали интернет билан таъминлашни амалга ошириш бўйича таклифлар билдириб ўтилди.

Учрашув сўнгида томонларни қизиқтирган саволлар юзасидан атрофлича фикрлар алмашилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.