Ўзбекистон коинотга кичик сунъий йўлдош учириши мумкин

Улашиш:

Ўзбекистон коинотга кубсат (кичик куб шаклидаги) сунъий йўлдош юборишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида 26 апрель куни бўлиб ўтган Марказий Осиё Коинот технологиялари конференциясида айтиб ўтилди, деб хабар бермоқда “Дарё”.

Тадбирда дунёнинг 25 та давлатидан 150 та компания, 250 дан ортиқ мутахассис иштирок этди. Жумладан, Турксат (Туркия), Cоntes (Жанубий Корея), Maxar (АҚШ) вакиллари қатнашди.

“Бугунги кунда космик технологиялар иқтисодиёт, тадқиқот ва маълумотлар таҳлили учун янги ечимларга йўналтирилган. Бизнинг вазифамиз — Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятига кенг жалб этиш”, — деди “Ўзбеккосмос” космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги бош директори Шуҳрат Қодиров. 

Фото: Рақамли технологиялар вазирлиги

Конференцияда халқаро ҳамкорлик ва сармоя, янги сунъий йўлдош технологиялари, хавфсизлик, молия, космик соҳани тартибга солиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

“Биз ҳамкасбларимиз билан коинотнинг долзарб муаммолари, шу билан бирга, турли соҳаларда: қишлоқ хўжалиги, иқлим ўзгариши, миллий хавфсизлик ва мамлакат табиий ресурслари бўйича ҳукуматни қўллаб-қувватлашда энг янги технологиялардан қандай фойдаланиш мумкинлигини батафсил муҳокама қилдик. Марказий Осиё стратегик жойлашуви, табиий ресурслари ва ривожланаётган иқтисодиёти туфайли жаҳон космик технологиялар бозорида салмоқли салоҳиятга эга”, — дея айтиб ўтди Эсри (АҚШ) халқаро стратегияси директори Соҳаил Эл Абд.

Фото: Рақамли технологиялар вазирлиги

Конференция доирасида, шунингдек, Ўзбекистон кубсат сунъий йўлдошини жўнатиши маълум қилинди. Лойиҳани амалга оширишга тайёргарлик ишлари 2023 йилдан бошланади. “Ўзбеккосмос” агентлиги ва Инновацион ривожланиш агентлиги ўртасида бу бўйича келишувга эришилган. Агентлик вакилларининг сўзларига кўра, сунъий йўлдошлар ёш мутахассислар гуруҳи томонидан лойиҳалаштирилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.