Вазир - Ўзбекистонда ҳозирча сунъий йўлдош учиришга ҳожат йўқ

Улашиш:

Ўзбекистонда ҳозирча ўз сунъий йўлдошини учиришга реал эҳтиёж йўқ. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб матбуот анжуманида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов айтиб ўтган.

"Асосий савол - нима учун бизга бу сунъий йўлдош керак? Агар сиз бу учун 300 миллион долалр ёки ундан кўпроқ маблағ сарфласангиз, ушбу маблағларни қоплашингиз керак. Сунъий йўлдош учун йўлдошни учириш шарт эмас. Барча инвестиция лойиҳалари аниқ даромад келтириши керак. Бир пайтлар кимдир интернетни тезлаштириш учун сунъий йўлдош кераклигини айтган. Ўзи шундайми? Йўлдошли Интернет симли оптик толали Интернет билан рақобатлашмайди, барча мутахассислар буни яхши билишади",- дея таъкидлади Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири

Унинг сўзларига кўра, иқтисодиёт кўлами катта вазифаларни ҳал қилишни талаб қилганда, бу борада нафақат коммуникациялар зарур, балки ерни масофадан зондлаш, давлатнинг мудофаа қобилиятини таъминлаш лозим. Бу учун бир эмас, балки бир нечта сунъий йўлдошлар керак бўлади. Бироқ, унинг қўшимча қилишича, айни пайтда Ўзбекистонда ушбу лойиҳага давлат маблағини сарфлашга тезкор ҳожат йўқ.

"Мен шахсан бунга бир неча юз миллион доллар сарфлаш зарурлигини кўрмаяпман. Афсуски, кўпчиликда технология бўйича тўғри тушунча йўқ, ҳамма йўлдошли Интернет яхшироқ, деб ўйлайди. Йўлдошли Интернет ҳар доим қимматроқ ва у ердаги пинглар ҳам жуда юқори, секин", - дея таъкидлади вазир.

Шунингдек, у ҳамма нарса пул билан ўлчанишини қўшимча қилди.

"Айни пайтда паст орбитали сунъий йўлдошлар мавжуд, булар Starlink, OneWeb ва бошқалар. Улардаги пинглар бошқа сунъий йўлдошларга қараганда яхшироқ бўлиши мумкин. Аммо қурилманинг нархи 500 – 600 доллар ва ойига 110 (абонент тўлови) тўлаш керак бўлади. Уй Интернети учун 110 доллар тўлай оладиган қанча одамимиз бор? Ва бунинг учун сиз 100-150 Мегабит оласиз холос. Ҳозирда оптика бўйича 18 доллар эвазига 100 Мегабит берилади (Узонлайн тарифларидан бири). Ҳар доим бозор ва сотиб олиш қобилиятидан келиб чиқиш керак. Шов-шувли баёнотлар қилишни ҳамма билади. Лекин ҳисоб-китоб қилиб, амалда ишлашимиз керак", - деди Шерматов.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекосянинг сўзларига кўра, сунъий йўлдошли интернет нафақат секин, балки қиммат ҳамдир.

"Республикамиз ҳудуди унчалик катта эмас. Бугунги кунда барча мактаблар кенг полосали Интернет билан қопланган, оптик кабел мавжуд. Биз ҳатто мактаби бўлган энг кичик қишлоққа ҳам етиб бордик. Энди Интернетни мактабдан ҳар бир абонентга ўтказиш унчалик қийин эмас. Биргина Тошкентда ойига 50 минг абонентга уланиш имкони мавжуд. Бу жуда катта суръат ва биз йўлдошни учириш учун эҳтиёж кўрмаяпмиз", - деди у.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.