Меtа корпорацияси Ўзбекистонда товар белгисини рўйхатдан ўтказмоқчи

Улашиш:

Meta Platforms Inc. Ўзбекистонда Meta Pay товар белгисини рўйхатдан ўтказишга ариза берди. Бу борадаги тегишли маълумот Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги базасида пайдо бўлди, деб хабар беради Spot.

 

Фото: Sky News

Facebook, Instagram ва WhatsApp’ни бошқарувчи компания 16 май куни ариза берган. Унда қуйидаги фаолият турлари кўрсатиб ўтилган:

  • онлайн тўловлар ҳамда товар ва хизматларни сотиб олиш учун юклаб олинадиган дастурий таъминот, электрон молиявий платформа;
  • молиявий хизматлар, электрон карталар билан транзакцияларни қайта ишлаш;
  • транзакциялар ва онлайн-ўтказмалар, жумладан, криптовалюталарни қайта ишловчи дастурий таъминотни тақдим этиш.

Meta Pay — Марк Цукерберг корпорациянинг янги номи бўлиб, ўзининг тўлов тизими учун ребрендинг сифатида танланган. 2009 йилдан ҳозирги кунга қадар у Facebook Pay сифатида ишлаб келган. Бу ном остида 160 давлатга кириб борган ва 55 валютада тўловларни қабул қилади.

Meta’нинг молиявий технология йўналиши раҳбари Стефан Казриэлнинг маълум қилишича, Meta Pay фойдаланувчилар учун «ягона ҳамён»га айланади. Унинг ёрдамида компаниянинг келажакдаги метаоламига оид рақамли предметлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, сервис муаллиф ва бизнесларга мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича ёрдам кўрсатишни ваъда қилмоқда. Казриэлнинг сўзларига кўра, Meta «ҳар кимга жаҳон молиявий тизимидан фойдаланиш» имкониятини тақдим этишни ўз миссияси деб ҳисоблайди, бу «молиявий инклюзивликка эришишни тезлаштиради».

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг октябрида Facebook компаниясининг номи Meta’га ўзгарганди. Марк Цукерберг The Verge’га берган интервьюсида лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, яқин беш йил ичида компания фаолияти ижтимоий тармоқларга боғланиб қолмаслиги ва айнан метаоламга алоқадор бўлишини қайд этган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.