Апрель ойидан айрим солиқ ставкалари оширилади

Улашиш:

2024 йилнинг 1 апрелидан бошлаб бир қатор маҳсулотлар учун солиқ ставкалари оширилади, ҚҚС бўйича “ноль” ставкали имтиёзлар бекор қилинади, оғирлиги 10 тоннадан ортиқ юк автомобилларига йўл йиғими жорий этилади. Бу ҳақда 2024 йилги солиқ ўзгаришлари тўғрисидаги ҳужжатда маълумот берилган.

Ёнилғи. Ўзбекистонда 1 апрелдан AI-80 бензини, дизель, суюлтирилган газга солинадиган акциз солиғи ставкаси 12 фоизга оширилади ва қуйидаги суммада солиққа тортила бошлайди:

  • AI-80 бензини 1 тоннаси учун 340 000 сўм (ҳозирда 303 000 сўм);
  • дизель 1 тоннаси учун 326 000 сўм (ҳозир 291 000 сўм);
  • суюлтирилган газ 1 тоннаси учун 904 000 сўм (ҳозир 807 000 сўм);
  • авиакеросин (синтетикдан ташқари) 1 тоннаси учун 271 000 сўм  (ҳозир 242 000 сўм/тонна);
  • ЭКО дизель ёқилғиси (синтетикдан ташқари) 1 тоннаси учун 293 000 сўм (ҳозир 262 000 сўм) бўлади.

Маълумотларга кўра, AI-91 ва ундан юқори бензин маркалари учун ставка ўзгаришсиз (303 минг сўм) қолади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари. Таркибида шакар ёки бошқа ширинлаштирувчи, хушбўйлаштирувчи моддалар бўлган, газланган ҳамда истеъмол қадоғига қадоқланган ичимликларга 1 литри учун 500 сўм миқдорида акциз солиғи, энергетик ва тоник ичимликлар литри учун 2000 сўмлик акциз солиғи жорий этилади. 

Йўл йиғими. Оғирлиги 10 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 дан 10 бараваригача бўлган миқдорда (1,7 миллион сўмдан 3,4 миллион сўмгача) йўл йиғими жорий этилади. 

ҚҚС. Аҳолига сув таъминоти, канализация, санитар тозалаш ва иссиқлик таъминоти соҳасида кўрсатилаётган хизматлар учун ҚҚСнинг “ноль” ставкаси бекор қилинади ва ушбу хизматлар учун ҳақ тўлашда 12 фоизлик ҚҚС олинади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида хизмат кўрсатувчи хорижлик жисмоний шахслардан ҳам ҚҚС ундирилади. Илгари фақат хорижлик юридик шахслар учун ҚҚС қўлланилар эди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.