Meta, Google, Apple каби хорижий компаниялар Ўзбекистонда тўрт ойда 32,4 млрд сўм солиқ тўлади

Meta, Google, Apple каби хорижий компаниялар Ўзбекистонда тўрт ойда 32,4 млрд сўм солиқ тўлади

Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 42 та хорижий компания томонидан 2023-йил январ—апрел ойларида 32,4 миллиард сўм солиқ тўланган. Бу ҳақда иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев маълум қилди. 

Қайд этилишича, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробар кўп. 

Электрон хизматлар кўрсатувчи чет эл юридик шахслари ўтган чоракдан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай солиқ ҳисоботларини тақдим этади ва солиқларни тўлайди. Бунда, тўланган солиқларнинг 95 фоизи электрон хизматлар кўрсатувчи 10 та хорижий компания ҳиссасига тўғри келади: 

Meta — 12,1 миллиард сўм;

Google — 9,3 миллиард сўм;

Apple — 6 миллиард сўм;

Booking.com — 1,1 миллиард сўм;

Netflix — 1,1 миллиард сўм;

Xsolla — 632,9 миллион сўм;

Yandex — 363 миллион сўм;

Paddle.com — 321 миллион сўм;

Linkedin — 275,6 миллион сўм;

Adobe Systems — 221 миллион сўм.

2020-йилнинг 1-январидан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида “Google солиғи” кўзда тутилган. Орадан бир ой ўтгач, Давлат солиқ қўмитаси хорижлик интернет компаниялари солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишлари учун ҚҚС-офисини очди. Хорижий интернет-компаниялар 2021-йилда 15 млрд сўмдан зиёд солиқ тўлаган бўлса, 2022-йилнинг 11 ой давомида Ўзбекистондаги хорижий компаниялар қарийб 45 миллиард сўм солиқ тўлаган. 

“Google солиғи” бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд. Россияда 2016-йилдан бери электрон хизматларни сотишда ҚҚС тўланишини тартибга солувчи қонун ишлаяпти. Солиқ интернет орқали кўрсатиладиган барча хизматлардан, жумладан, дастурлар, ўйинлар, сайт хостинглари, қўшиқлар, филм ва бошқалар сотувидан ундирилади.