Жиззах шаҳрида солиқ тушумининг 41 фоизи жисмоний шахслар даромад солиғидан ундирилди

Улашиш:

Жорий йилнинг I-чораги давомида Жиззах шаҳар давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 600 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Жиззах шаҳрида 5,2 мингга яқин юридик шахслар фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида шаҳримиздаги 872 та корхонанинг 749 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 749 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Жиззах шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида жорий 3 ойида 124 та корхонадаги 736 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 132 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 381 нафар, қурилиш корхоналарида 124 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 99 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 104,6 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020-йилда янги Солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Натижада, жиззахликлар тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари вилоятда 1,5 баравар кўпайган бўлса, қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 711 тадан 1325 тага етди. Яна бир аҳамиятли жиҳати, қўшилган қиймат солиғидан қайтарилган мавжуд ортиқча тўлов миқдори 2022 йилнинг I-чораги давомида 25 та корхонада 47 миллиард 400 миллион сўмга етказилди. Бундан ташқари, бошқа солиқ турларидан ортиқча тўлов суммасини қайтариш юзасидан 95 корхонага 1 миллиард 725 миллион сўм пул маблағлари корхоналарнинг ҳисоб рақамларига қайтарилди.

2022-йилнинг I-чораги давомида шаҳримиз солиқ тўловчилари томонидан
123 миллиард 673 миллион сўм миқдорида солиқ тўланиб, белгиланган прогноз режаси 5,7 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди. Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 115 миллиард сўми, яъни 93 фоизи юридик шахслар, 8,7 миллиард сўми ёки 7 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 51 миллиард сўм ёки 41 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи,.24 миллиард сўм ёки 20 фоизини қўшилган қиймат солиғи, 3,4 миллиард сўм ёки 2,7 фоизини аксиз солиғи, 3,1 миллиард сўм ёки 2,5 фоизини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 42 миллиард сўм ёки 34 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.

Жорий йилнинг 1-чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Жиззах шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 375 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан.226 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 99 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 49,8 миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

Ўтган 3 ой мобайнида 97 та корхоналарга ер солиғи, 65 та корхонага мол-мулк солиғи, 17 та корхонага ижтимоий солиқ, 149 та корхонага айланмадан олинадиган солиқ, 265 та корхонага қўшилган қиймат солиғи,
231 та корхонага сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва 41 та корхонага фойда солиғидан имтиёзлар қўлланилди.

Ҳурматли тадбиркорлар! Жиззах шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.

Олимжон Худайбердиев

Жиззах шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.