Ўтган 3 ойда Дўстлик тумани тадбиркорлари қандай солиқ имтиёзларидан фойдаландилар

Улашиш:

Дўстлик туман давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан туманда жами 9 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 550 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Бугунги кунда Дўстлик туманида 795 та юридик шахслар фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 694 та корхонанинг 354 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 354 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Дўстлик тумани давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида жорий 3 ойида 78 та корхонадаги 194 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 80 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 82 нафар, қурилиш корхоналарида 12 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 20 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 34.7 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020-йилда янги Солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Натижада, Дўстлик туманидаги  тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари 1,1 баравар кўпайган бўлса, айланма солиғи тўловчилар сони 477 тадан 563 тага етди.

2022-йилнинг 1- чораги давомида туман солиқ тўловчилари томонидан 7759.8 млн.сўм миқдорида солиқ тўланиб, белгиланган прогноз режаси 112.0 млн.сўм ортиғи билан бажарилди. Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 4413.6 млн.сўми, яъни 56.9 фоизи юридик шахслар, 882.0 млн. сўми ёки 11.4 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 3283.5 млн. сўм ёки 42.3 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, 763.4 млн. сўм ёки 9.8 фоизини айланмадан олинадиган солиқ, 341.1 млн. сўм ёки 4.4 фоизини юридик шахслар ер солиғи, 882.0 млн. сўм ёки 11.4 фоизини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 2489.8 млн.сўм ёки 32.1 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.

Жорий йилнинг 1-чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Дўстлик туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 19 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 14 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 14 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 7.0 миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

Ўтган 3 ой мобайнида 12 та корхоналарга ер солиғи, 3 та корхонага мол-мулк солиғи, 8 та корхонага ижтимоий солиқ, 9 та корхонага айланмадан олинадиган солиғидан имтиёзлар қўлланилди.

  

Мухаммади Турсунмуродов

Дўстлик туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.