Солиқ идоралари томонидан экспортчи корхоналар қўллаб-қувватланмоқда

Улашиш:

Жиззах вилояти Давлат солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августда қабул қилинган “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори ижроси натижаларига бағишланган семинар тренинг бўлиб ўтди. Унда Жиззах вилоятидаги экспортчи ҳамда қўшилган қиймат солиғи тўловчи корхоналар вакиллари иштирок этдилар.

Жиззах вилоят ДСБга жорий йилнинг 17 август кунидан бугунги кунга қадар  хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҚҚСдан бўлган салбий фарқ суммасини қайтариш бўйича 06.01.2020 ҳолатига 214 та ариза келиб тушган бўлиб, шундан 165 та ҳолатда 143,7 млрд. сўмлик аризалар низом талаблари асосида ўрганиб чиқилди. 87 та ҳолатда 90,9 млрд. сўм аризаларда кўрсатилган ҚҚС ортиқча тўлов суммаси қисқа муддатларда ўрганилиб, солиқ тўловчиларнинг ҳисоб рақамларига қайтариб берилди. 78 та ҳолатда 37,4  млрд. сўмлик аризаларда камерал солиқ текшируви асосида хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланиб, тўғирлаш ва қайта жўнатиш учун қайтарилган. Айни пайтда 15, 5  млрд сўмлик 49 та аризалар ўрганиб чиқиш жараёнида.

Низом талабларига асосан экспорт фаолияти билан шуғулланувчи солиқ тўловчиларнинг 44 та ҳолатда 51,2 млрд. сўмлик аризалари тезлаштирилган тартиб асосида кўриб чиқилди ва 20 та ҳолатда 24,4 млрд. сўмлик аризаларга ижобий ҳулосалар қилиниб, уларнинг ҳисоб рақамларига қайтариб берилди.

Семинар тренингдан мақсад ҳам солиқ тўловчилар учун яратилаётган мазкур имконият ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, уни оммалаштиришдир. Савол-жавоблар асносида маълум бўлдики, кўпгина экспортёр корхоналар ҳали бу имкониятдан фойдаланиб кўришмаган. Тадбирда нафақат экспорт билан шуғулланувчи корхоналар, балки банк кафолатига эга юридик шахслар, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари ҳамда солиқ мониторингги иштирокчилари ҳам бу имкониятдан фойдаланишлари мумкинлиги асослаб берилди.

  • Бугунги тадбирда нафақат қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигидаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик, балки тадбиркорларни қийнаётган масалалар ҳақида солиқ хизмати ходимларига мурожаат қилдик. Албатта, шахсий кабинет ва бошқа алоқа воситалари орқали солиқ идоралари билан доимий маълумот алмашиш тизими йўлга қўйилган. Аммо тадбиркорларни жамлаб, уларга тегишли масалалар ҳақида юзма-юз мулоқот ташкил этилгани жуда ҳам самарали бўлди, - дейди “Бону ширинликлари” МЧЖ ҳисобчиси Сардор Тоҳиров.

Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ходимлари Камолиддин Умрзоқов, Бекзод Ғуломов ва Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Бекзод Тошпўлатовлар сўзга чиқишди.

Жиззах вилояти ДСБ Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.