Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш мумкин(ми?)

Улашиш:

2020 йил 1 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини шакллантиришга ва унинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида бир нечта тартиблари ишлаб чиқилди. Жумладан, асосий воситалар, шу жумладан кўчмас мулк сотиб олинганда (қурилганда) ҚҚСни биратўла ҳисобга олиш жорий этилди. Шунингдек, барча хўжалик юритувчи субъектларга ҚҚС бўйича “манфий” қолдиқни қайтариш ҳуқуқи берилди.

Мазкур жараёнда солиқ тўловчилар маълумотлар базасини ҳамда ҳисоботларини умумлаштириш ва оптималлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 19 июндаги буйруғига асосан Сирдарё вилоят давлат солиқ бошқармасида “Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилиги” бўлими ташкил этилди. Бунда ҳудудий туман ва шаҳарларда рўйхатдан ўтган қўшилган қиймат солиғи тўловчиларига жорий йилнинг 1 сентябридан эътиборан инспекциялар эмас балки бошқарманинг мазкур бўлими томонидан хизмат кўрсатиши назарда тутилган.

- Ҳозирги кунда вилоят бўйича жами 3528 та қўшилган қиймат солиғи тўловчилари тўлиқ вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳисобига кўчириб ўтказилди, - дейди Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси “Қўшилган қиймат солиғи маъмурчилиги” бўлими бошлиғи Азамат Куйчиев. - Уларнинг ҳисоботларини қабул қилиш, таҳлил қилиш ва қўшилган қиймат солиғи бўйича мавжуд ортиқча суммаларини уларнинг аризаларига кўра ҳисоб рақамларига қайтариш, бошқа солиқ турларидан бўлган қарздорликларига қоплаш каби назорат ишлари олиб борилмоқда.

Солиқ кодексининг 274-моддасида Солиқнинг ўрнини қоплаш белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра корхона томонидан тақдим қилинган ҳисоботларга ва ҳақиқатда тўлаб берилган солиқ суммалари натижасида пайдо бўлган манфий қолдиқдаги солиқ ёки ортиқча тўлов икки хил шаклда солиқ органларига солиқ суммасини қайтариш тўғрисида берилган аризага асосан қайтариб берилади.

Жумладан, “0”ставка қўллаш ёки товарларни экспорт қилиш натижасида пайдо бўлган қўшилган қиймат солиғи бўйича ортиқча суммаларини корхона ариза берган кундан бошлаб 7 кун ичида тезлаштирилган тарзда қоплаб берилади. Бошқа ҳолларда эса яъни товар-моддий захиралар қолдиғини ҳисобга олиш натижасида, асосий воситалар қолдиғини ҳисобга олиш натижасида, ҳисобга олинган (харид) ҚҚСнинг реализация қилинган ҚҚСдан ошиб кетиши натижасида ва бошқа ҳолатлар бўйича мавжуд бўлган ортиқча тўлов суммаларини эса камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ органи қайтариш учун аризада кўрсатилган солиқ суммасининг ўрнини тўлиқ ёки қисман қоплаш тўғрисида қарор қабул қилса, мазкур солиқ суммаси солиқ тўловчига солиқ суммасини қайтариш тўғрисида ариза берилган санадан эътиборан олтмиш (60) кундан кечиктирмай қайтарилади.

Бугунги кунда вилоятимиз бўйича жами 1925 та хўжалик юритувчи субъектларнинг қўшилган қиймат солиғи бўйича 145,285.4 минг сўмлик ортиқча тўловлари мавжуд бўлиб, ушбу корхоналарни яшил, сариқ ва қизил йўлакчаларга ажратган ҳолда улардан келаётган аризаларга асосан белгиланган муддатларда тегишли тартибда ҳисоб рақамларига қайтариш ёки бошқа солиқ турларига қоплаш ишларини амалга оширишда вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилган.

 

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Матбуот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.