ҚҚС: Эйнштейн ҳақ эдими?

Улашиш:

Нобель мукофоти совриндори, нисбийлик назариясини кашф этган физик олим Альберт Эйнштейн “Дунёдаги энг тушуниш қийин бўлган масала – қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш” деган эди. Бир томондан у ҳақ – қўшилган қиймат солиғи товарлар нархига устама кўринишида қўшиб ундириладиган солиқ бўлиб, қизиғи, ушбу солиқ тўловчилар занжири бўлишини тақозо этади. Яъни бир маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнидаги битта бўғин ҚҚС тўловчиси бўлса, қолган бўғинлар ҳам шу солиқни тўловчилар бўлиши мақсадга мувофиқ.

Жорий йил 1 августдан бошлаб ҚҚС тўловчиларнинг шахсий ҳисобварақлари вилоят Давлат солиқ бошқармаларига ўтказилди. Илгари ҳар бир туман Давлат солиқ инспекцияларида ҚҚС тўловчилар билан иш олиб борилар эди. Шу муносабат билан барча субъектларга масъул ходимлар бириктирилиб, солиқ маъмурчилигини олиб бориш бўйича амалий ёрдам  кўрсатилмоқда.

Шу кунга қадар Жиззах вилоят ДСБга ўтказилган 4491 та ҚҚС тўловчиларнинг барчаси гувоҳнома олдилар. Уларнинг гувоҳнома олиш учун мурожаатлари бир иш кунида қаноатлантирилди.

Навбатдаги ўзгариш тадбиркорлик субъектлари қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш бўйича мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлгани билан боғлиқ. Авваллари фақатгина экспортчи корхоналаргина бу имкониятдан фойдаланар эдилар.

ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) янги қоидага кўра, солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ бошқармаси томонидан амалга оширилади. Шу пайтга қадар бу ҳуқуқдан фойдаланган 9 та тадбиркорлик субъектининг мурожаати кўриб чиқиш учун молия органларига юборилди. Хатоликлар мажуд бўлган мурожаатлар тузатиш ва қайта юбориш учун 12 та хўжалик юритувчи субьектларнинг шахсий кабинетига қайтарилди.

Шу кунга қадар вилоят Давлат солиқ бошқармасида қўшилган қиймат солиғини қайтариш бўйича 29 та мурожаат қолган ва уларнинг катта қисми камерал текширувни талаб этади.

Солиқнинг жами суммаси ўрнини тезлаштирилган тарзда қоплаш тартиби бу ҳақда солиқни қайтариш тўғрисидаги аризада кўрсатилган тақдирда, қуйидаги тоифадаги солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади:

  1. Ўзбекистон Республикасининг йирик солиқ тўловчилар тоифасига белгиланган тартибда киритилган юридик шахсларига;
  2. солиқни қоплашга доир ариза билан бирга амалдаги банк кафолатини тақдим этган ёки солиқ органлари билан гаров шартномасини расмийлаштирган солиқ тўловчиларга;
  3. экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширадиган шахсларга - агар илгари бу шахсларга солиқ суммаси қопланган ва бунда қонунбузарликлар аниқланмаган бўлса, ноль даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган суммалари қисмида;
  4. чет эл дипломатик ваколатхоналарига ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарига;
  5. маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига, агар бундай битимда ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса;
  6. солиқ мониторинги иштирокчиларига.

Кўриб турганингиздай, қўшилган қиймат солиғи билан боғлиқ янги тартиб тадбиркорга ўзига хос имконият тақдим этади. Яъни, аризаси қаноатлантирилган тадбиркорлик субъектлари қайтарилган маблағдан молиявий аҳволини яхшилаш имконига эга бўлади. Натижада қўшилган қиймат солиғи занжиридаги узилишларнинг олди олинади.

Вилоятимизда бугунга қадар 9 та хўжалик юритувчи субьектларга 15,7 млрд.сўм маблағ ҚҚС тўловчиларига қайтариб берилди. Жумладан, Пахтакор туманида фаолият олиб бораётган “Paxtakor gold textili” МЧЖга юқоридаги низом талабларига асосан кўриб чиқилиб, унинг ҳисоб рақамига 1,05 млрд.сўм бир иш кунида қайтарилди.  

 

Диёр МИЛЛАЕВ,

Жиззах вилоят ДСБ қўшилган қиймат солиғи

маъмурчилиги бўлими бошлиғининг ўринбосари

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.