Зафарободда харидорга чек бермаган 5 нафар тадбиркор жарима тўлашга мажбур бўлди

Улашиш:

Зафаробод туманида 800 га яқин юридик шахслар фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 129 та корхонанинг 76 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 76 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Зафаробод туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида жорий йилнинг 3 ойида 38 та корхонадаги 76 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 23 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 32 нафар, қурилиш корхоналарида 5 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 16 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 35,5 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда.

Хусусан, 2020 йилда янги солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Натижада, Зафарободлик тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари туманда 1,5 баравар кўпайди.

2022 йилнинг 1-чораги давомида туманимиз солиқ тўловчилари томонидан 4 миллиард 126 миллион сўм миқдорида солиқ тўланиб, белгиланган прогноз режаси 767 миллион сўмга бажарилмади. Буджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 3595 миллион сўми, яъни 87 фоизи юридик шахслар, 531 миллион сўми ёки 13 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 2888 миллион сўм ёки 70 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, 463 миллион сўм ёки 11 фоизини айланмадан олинадиган солиғи, 450 миллиард сўм ёки 11 фоизини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 325 миллион сўм ёки 8 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.

Жорий йилнинг 1-чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Зафаробод туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 6 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 6 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди.

Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 5 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 2,5 миллион сўм маблағ ўтказиб берилган.

 

Абдусаттор Исломов

Зафаробод туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.