Фозилхўжа Арифходжаев 7 йилдан кўп муддатга қамалди

Улашиш:

Фозилхўжа Арифходжаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида илгари ёзгандик. Тошкент шаҳар судлари телеграм-канали хабар беришича, 2022 йил 26 январь куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида судланувчи Ф.Арифходжаев (1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу иш Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси З.Нуриддинов раислигида кўриб чиқилган.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Ф.Арифходжаев Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мазкур ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, судланувчи томонидан эса унга ҳукмнинг нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида шу суд орқали Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришлари ёки прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин, дейилади хабарда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.