Тошкентдаги “Тўхтабой” масжидида тўполон кўтарган эркак текширилди

Улашиш:

Жорий йилнинг 26 июнь куни тахминан соат 19:45 ларда ички ишлар органларига Олмазор туманида жойлашган “Тўхтабой” жоме масжидига келган фуқаролар томонидан 1980 йилда туғилган Арифходжаев Фозилходжа жанжал кўтариб, жамоат тартибини ва фуқаролар тинчлигини бузганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Олмазор судига тақдим этилган. Суд Ф.Арифходжаевни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (“Майда безорилик”) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Текширув жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга Ф.Арифходжаевнинг уяли алоқа воситасида шубҳали диний мазмундаги материаллар мавжудлиги ва уларни бошқа фуқароларга намойиш этганлиги ҳақида хабар келиб тушган. Мазкур материалларнинг хусусиятига аниқлик киритиш мақсадида телефон аппарати процессуал тартибда расмийлаштириб олинган, диний мазмундаги материални текшириш учун диншунослик экспертизаси тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг хулосасига кўра, Ф.Арифходжаевнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги “Фозилхўжа Арифходжаев” номли профилига жойлаштирилган айрим материаллар диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар сирасига киришлиги аниқланган. Уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.

Ушбу ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ф.Арифходжаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди (“Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.