Шароф Рашидов туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари тадбиркорбай ишлашга тайёр

Улашиш:

Ҳурматли Президентимиз, Шавкат Мирзиёев, жорий йилнинг 16-март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берган эди.
Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида 24-26 март кунлари Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти бошчилигида жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Жумладан, Шароф Рашидов туманида ўтказилган учрашувларда 400 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этишди.
Шунингдек, 2022-йилнинг 1-чораги давомида туман давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан туман худудида жами 10 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийиб 150 нафар тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда туманда 3500 дан ортиқ юридик шахслар фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 1953 та корхонанинг 724 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммолар бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.
Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмурчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда.
Хусусан, 2020-йилда, янги “Солиқ кодекси” қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга туширилди. Қўшилган қиймат солиғи
20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Натижада, туман тадбиркорларининг ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари ўтган даврга нисбатан кескин ошганлиги кузатилди. Биргина қўшилган қиймат солиғи тўловчилари 673 тадан 1386 тага кўпайди.
Ҳурматли тадбиркорлар!
Туман давлат солиқ хизмати органи ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб беришга, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида, Сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.

Зиёдулла Худойқулов - Шароф Рашидов туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.