Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи ва тадбиркорларга мурожаати

Улашиш:

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16-март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди.

Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида 24-26 март кунлари Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти бошчилигида жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Жиззах шаҳри, Ғаллаорол, Дўстлик ва Зомин  туманларида ўтказилган учрашувларда вилоятимизнинг барча туманларидан жами 3000 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этишди.

Шунингдек, 2022-йилнинг 2- чораги давомида вилоят давлат солиқ бошқармаси мутахассислари томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида жами 20 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 6000 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Жиззах  вилоятида 22,0 мингга яқин юридик шахслар фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида вилоятимиздаги 13097 та корхонанинг 7109 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 7109 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Жиззах вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида жорий 3 ойида 1466 та корхонадаги 4676 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 1637 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 1309 нафар, қурилиш корхоналарида 701 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 1029 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 922,5 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020-йилда янги Солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Натижада, жиззахликлар  тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари вилоятда 1,5 баравар кўпайган бўлса, қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 3,7 мингдан 6,2 мингтага етди. Яна бир аҳамиятли жиҳати, қўшилган қиймат солиғидан қайтарилган мавжуд ортиқча тўлов миқдори 2022 йилнинг 1-чораги давомида 50 та корхонада 73 миллиард 693 миллион сўмга етказилди. Бундан ташқари, бошқа солиқ турларидан ортиқча тўлов суммасини қайтариш юзасидан 159 та корхонага 3 миллиард 209 миллион сўм пул маблағлари корхоналарнинг ҳисоб рақамларига қайтарилди.

2022-йилнинг 1-чораги давомида вилоятимиз солиқ тўловчилари томонидан 369 миллиард 911 миллион сўм миқдорида солиқ тўланиб, белгиланган прогноз режаси 21 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди. Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 312 миллиард сўми, яъни 84 фоизи юридик шахслар, 57,9 миллиард сўми ёки 16 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 130 миллиард сўм ёки 35 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, 92 миллиард сўм ёки 25 фоизини қўшилган қиймат солиғи, 17,3 миллиард сўм ёки 5 фоизини аксиз солиғи, 17,6 миллиард сўм ёки 5 фоизини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 113 миллиард сўм ёки 30,6 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.

Жорий йилнинг 2- чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали жиззах вилояти вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субйектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 812 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан.534 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 186 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 93,0. миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

Ўтган 3 ой мобайнида 117 та корхоналарга ер солиғи, 36 та корхонага мол-мулк солиғи, 46 та корхонага ижтимоий солиқ, 65 та корхонага айланмадан олинадиган солиқ, 488 та корхонага қўшилган қиймат солиғи, 6 та корхонага сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва 6 та корхонага фойда солиғидан имтиёзлар қўлланилди.

Ҳурматли тадбиркорлар! Жиззах вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.

 

Жиззах  вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи   

Бекзод Ташпулатов

                                                                                            

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.