Зоминлик солиқчилар ҳалол тадбиркорларни қўллаб-қувватлайди

Улашиш:

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16-март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди.

Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида 24-26 март кунлари Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти бошчилигида жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Жиззах шаҳри, Ғаллаорол, Дўстлик ва Зомин туманларида ўтказилган учрашувларда вилоятимизнинг барча туманларидан жами 3000 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этишди.

Шунингдек, 2022-йилнинг 1- чораги давомида туман давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан жами 20 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 600 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Зомин туманида2089 та  юридик шахслар фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 130 та корхонанинг 53 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 50 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Зомин тумани давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида жорий 3 ойида 78 та корхонадаги 312 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 35 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 54 нафар, қурилиш корхоналарида 110 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 113 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 31,0 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020-йилда янги Солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди

2022-йилнинг 1-чораги давомида Зомин тумани солиқ тўловчилари томонидан 16 миллиард 711 миллион сўм миқдорида солиқ тўланиб, бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 14 миллиард сўми, яъни 84 фоизи юридик шахслар, 2,0 миллиард сўми ёки 16 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 9 миллиард сўм ёки 52 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, 2,0 миллиард сўм ёки 15 фоизини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 5 миллиард сўм ёки 30,6 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.

Жорий йилнинг 1- чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали зомин тумани  фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 36 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан.19 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 19 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 47,5. миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

Ҳурматли тадбиркорлар! Жиззах вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.

 

Мусурманов Икром

ЗОМИН ТУМАНИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИ  БОШЛИК ВАЗИФАСИНИ ВАКТИНЧА БАЖАРУВЧИ

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.