Бахмал туман Давлат Солиқ инспексияси бошлиғининг хисоботи ва тадбиркорларга мурожаати

Улашиш:

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мизиёев жорий йилнинг 16-март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди.

Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида 28-30- март кунлари Бахмал туманидаги қатор махаллаларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Ўсмат ШФЙ, Гулбулоқ ҚФЙ, Шодлик МФЙ ва Файзобод МФЙларда ўтказилган учрашувларда шахарча ва махаллалардан  350 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этишди.

Шунингдек, 2022-йилнинг 1-чораги давомида туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан туманнинг барча ШФЙ ва МФЙларида жами 7 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 500 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Бахмал туманида           1985 тага яқин юридик шахслар фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 1309 та корхонанинг 1309 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 1295 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Бахмал тумани давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида жорий 3 ойида 117 та корхонадаги  250 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 57 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида  47 нафар, қурилиш корхоналарида  21 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 125 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 54,8 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020-йилда янги Солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Натижада, Бахмаллик  тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари вилоятда 1,5 баравар кўпайган бўлса, қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 104 тадан  182 тага етди.

2022-йилнинг 1-чораги давомида туманимиз солиқ тўловчилари томонидан 13042,6  млн.сўм миқдорида солиқ тўланиб, белгиланган прогноз режаси 121,3 млн.сўм ортиғи билан бажарилди. Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 11071,5млн.сўми, яъни 84,9 фоизи юридик шахслар, 1971,1 млн.сўми ёки 15 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 8273,8 млн.сўм ёки 63 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, 1971,1 млн.сўм ёки 15 фоизини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 2797,7 млн.сўм ёки 22 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.

Жорий йилнинг 1- чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Жиззах вилояти Бахмал туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 18 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларга асосан 16 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 7 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига жами 3,5 млн сўм маблағ ўтказиб берилди.

Ўтган чорак мобайнида 15 та корхоналарга ер солиғи, 22 та корхонага мол-мулк солиғи ва  21 та корхонага айланмадан олинадиган солиқ, имтиёзлар қўлланилди.

Ҳурматли тадбиркорлар! Бахмал тумани давлат солиқ хизмати органлари ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.

 

Хусниддин Соатов - Бахмал туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.