Нима учун мунтазам равишда қуёшдан сақлайдиган кўзойнак тақиб юриш хавфли?

Улашиш:

Ёз келди, демак, барчамиз қуёшдан сақлайдиган кўзойнакларни тақишни бошладик. Чунки улар нафақат кўзни ултрабинафша нурлардан ҳимоя қилади, балки урфдаги аксессуар ҳамдир. Аммо маълум бўлишича, уларни узоқ вақт мобайнида тақиб юриш хавфли.

Тадқиқотларга кўра, ултрабинафша нурланиш кўз гавҳарини ташкил этувчи оқсиллар аралашмасига зарар етказиши мумкин. Вақт ўтиши билан бу зарар кўриш қобилиятини жиддий равишда бузадиган ва кўришнинг йўқолишига олиб келадиган катаракта ривожланиш хавфини оширади. Бундан ташқари, ултрабинафша нурланишининг ёшга боғлиқ кўрлик хавфини ошириши ҳақида далиллар мавжуд. Шунингдек, қуёшнинг ҳаддан ташқари таъсири кўз саратони ва қуёшдан куйиш — фотокератит пайдо бўлишига туртки бўлади.

Кўзнинг қуёшдан шикастланиш хавфи куннинг маълум вақтларида ва муайян шароитларда юқори эканини билиш лозим. Сув, қор ва автомобиль олд ойналари ёруғликни агрессив тарзда акс эттириши мумкин, яъни қуёшли кунда қайиқда, қорда ёки машинада вақт ўтказиш ултрабинафша нурланишининг кўп миқдорини қабул қилиш демакдир. Албатта, қуёшдан сақлайдиган УВ филтрли ва юқори сифатли кўзойнаклар қуёш нурининг кўз тўқималарига зарар етказиш хавфини камайтиради.


Қуёшдан ҳимоя қилувчи кўзойнакларни уззукун тақиш циркад ритмининг бузилишига олиб келади. Циркад ритмлар биологик соатимиз бўлиб, у уйқу ва уйғониш, гормонларни меъёр билан ишлаб чиқариш, метаболизм тезлиги ва стрессга чидамлилик учун жавобгардир.

Бузилган циркад ритмлар уйқу муаммолари, овқат ҳазм қилишнинг бузилиши, метаболизмнинг секинлашиши, депрессия ва гормонал дисбалансга сабаб бўлади.

Тўғри циркад ритмлар соғлом организмнинг асосидир. Бу нафақат юқоридаги муаммолардан қочиш, балки гормонларни назорат қилиш, ишда максимал маҳсулдорликка эришиш ва жисмоний фаолиятдан завқланишга ёрдам беради.

Ушбу фактларни ҳисобга олган ҳолда эрталаб, айниқса, уйғонганингиздан кейинги дастлабки 30 дақиқада қуёшдан сақлайдиган кўзойнак тақмаслик тавсия этилади. Эрталабки нур организмга катта шифобахш таъсир кўрсатади. Айнан у бир қатор муҳим гормонларни меъёр ва миқдорда ишга туширади. Бу циркад ритм мувозанатлашувини таъминлайди, айниқса, куннинг аввалида ниҳоятда зарур. Эрталаб қуёшнинг табиий нури умумий саломатликка фойда беради. Куннинг бошида дераза ёки қуёшдан сақлайдиган кўзойнак қуёш нурини сезиларли даражада камайтиради.

Қуёш кўзойнакларини мунтазам тақиш билан боғлиқ яна бир муаммо — ёруғликка мослашишнинг пасайиши бўлиб, кўзойнакни мунтазам таққанда кўз ўзгарувчан ёруғлик шароитларига мослашиш қобилиятини йўқотади.

Охирги муаммо — бу кўз чарчашидир. Инсон организми қуёш нурига муҳтож ва кўриш органлари бундан мустасно эмас. Кўзойнакни доимий равишда тақиб юриш туфайли улар янада таранглашади ва зўриқади, бу эса кўриш қобилиятига салбий таъсир қилади.

Демак, доимий кўзойнак тақиб юриш организмга зарар етказади. Эрталабки қуёш нуридан фойдаланиш ва кўзни етарли даражада ҳимоя қилиш ўртасида мувозанатни сақланг. Қуёш кўзойнакларидан ўз ўрнида фойдаланинг ва уни бошқа вақтларда тақманг.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.