Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 15 та ҳужжат имзоланди

Улашиш:

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида имзоланган ҳужжатлар орасида «яшил» тараққиёт соҳасида сармоявий ҳамкорлик, фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ва коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳам бор. Савдо ва сармоявий битимлар ҳажми $15 млрдни ташкил этади.

Самарқанддаги «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказининг Конгресс марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди. Бу хақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбарлари қўшма баёнот имзоладилар. Унда асосий келишувлар қайд этилган, ҳар томонлама стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва уни мустаҳкамлаш истиқболлари акс этган.

«Бугун биз стратегик ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма баёнотни имзоладик, — деди Шавкат Мирзиёев музокаралар якунида.

Си Цзиньпин, ўз навбатида: «Биз янги даврда кенг қамровли ривожланишни чуқурлаштиришга келишиб олдик», деди.

«Хитой томони хитой-ўзбек дўстлигининг янги саҳифасини ёзишга тайёр, — дея қўшимча қилди ХХР раҳбари.

Олий даражадаги ташриф доирасида 15 та ҳужжат имзоланди. Жумладан:

  • «Яшил» тараққиёт соҳасидаги инвестициявий ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида меморандум;
  • Фойдали қазилмаларни ўзлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • Қурилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • 2022−2025 йилларда маданий алмашинув дастури;
  • Миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Самарқанд вилояти ва Шаньдун провинцияси ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим;
  • Тошкент вилояти ва Чунцин мегаполиси ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим;
  • Бухоро вилояти ва Юньнань провинцияси ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим;
  • Бухоро ва Куньмин шаҳарлари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка доир умумий қиймати 15 миллиард долларлик келишувларга эришилди ва битимлар имзоланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.