Президент соғлиқни сақлаш тизимидаги рақамлаштириш ва тиббий суғуртадаги муваффақиятсизлик сабабли вазир ўринбосарларини лавозимидан озод этди

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарасиз амалга оширилаётгани муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирининг икки ўринбосарини — Дилшод Султонов ва Фаррух Шариповни лавозимидан озод этиш бўйича топшириқ берди.

Давлат раҳбарига кўра, мажбурий тиббий суғуртани жорий этишдаги кечикишлар ва соҳани рақамлаштиришда кузатилаётган сусткашликлар ислоҳотларни жиддий орқага сурмоқда. Шунингдек, вазирнинг яна бир ўринбосари — Олимжон Омоновга қаттиқ огоҳлантириш берилди. Унга ярим йил ичида рақамлаштириш соҳасида аниқ ва натижали ўзгаришлар қилиш талаб этилди. Акс ҳолда, у ҳам лавозимидан озод этилади.

Президент раислигида ўтказилган йиғилишда тиббий суғурта ислоҳотлари тўлиқ барбод бўлгани таъкидланди. Хусусан, 2023 йилда Тошкент шаҳрида, 2024 йилда эса мамлакатнинг олти вилоятида жорий этилиши керак бўлган мажбурий суғурта тизими амалда ишга тушмаган. Тиббий суғурта жамғармаси эса аниқ тизим яратмасдан, асосан маблағларни қайта тақсимлаш билан чекланган.

Шунингдек, Президент электрон рецептлар ҳалигача тўлиқ жорий этилмагани, "Электрон поликлиника" ва "Электрон шифохона" лойиҳалари эса тўхтаб қолганини кескин танқид қилди. У рақамлаштиришни чуқурлаштириш ва соҳага замонавий ечимларни жалб этишни таъкидлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.