16 нафар ҳокимнинг биринчи ўринбосарлари лавозимидан маҳрум бўлди

Улашиш:

Президентнинг Тошкент вилоятида ўтказган йиғилишида Наманган шаҳри ва 15 та туман ҳокимининг 16 нафар биринчи ўринбосари ҳам лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Бунга ушбу ҳудудларда қашшоқлик даражаси юқорилиги сабаб қилиб кўрсатилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни Тошкент вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда яна бир қатор мансабдор шахслар — 16 нафар ҳокимнинг биринчи ўринбосарини лавозимидан озод этиш бўйича топшириқ берди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Йиғилишда кўплаб шароитлар яратиб берилганига қарамасдан, Бекобод, Бўка, Қўшкўпир, Шаҳрихон, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой, Мирзаобод, Боғот, Улуғнор, Хўжайли ва Шуманай туманларида камбағаллик даражаси юқорилигича қолаётгани қайд этилди.

Тадбиркорлик соҳасида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича Мирзачўл, Дўстлик, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида ишлар суст ташкил этилган.

Шу муносабат билан Бекобод, Бўка, Қўшкўпир, Шаҳрихон, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой, Мирзаобод, Боғот, Улуғнор, Хўжайли, Шуманай, Мирзачўл, Дўстлик, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилди.

«Биз маҳалладаги ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, бизнесини бошлаши учун ҳар йили ўнлаб триллион сўмлик кредит ва субсидиялар ажратаяпмиз. Лекин, уларнинг самарадорлигини баҳолайдиган тизим йўқ», — деди президент.

Мисол учун, сўнгги уч йилда 300 минг ишсиз аҳоли касбга ўқитилган бўлса-да, уларнинг атиги 45 фоизи доимий иш билан таъминланган. Ваҳоланки, бу ишларга қарийб 1 триллион сўм бюджет маблағлари йўналтирилган.

Шунингдек, жами 17 та мономарказда IT, агротехнологиялар, дизайнер, электрон тижорат, логистика, реклама иши, маркетинг каби юқори даромадли замонавий касбларга, хорижий тилларга ўқитиш улуши 5 фоизга ҳам етмайди.

Аввалроқ президент ўша йиғилишда Тошкент вилояти ҳокимининг қашшоқликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари, Қибрай ва Янгийўл туманлари ҳокимлари ва сектор мудирларини лавозимидан озод этиш бўйича топшириқ бергани ҳақида ёзган эдик. Шунингдек, вилоят ҳокимининг яна икки ўринбосарига ҳайфсан берди.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги 26 та солиқ инспекцияси раҳбарлари, иккита вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиқларини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш бўйича топшириқ берилди, Солиқ қўмитаси раис ўринбосарларига эса ҳайфсан эълон қилинди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.